Рақамли Шенген визаси 2026 йилгача ишга туширилади
Еврокомиссия маълумотларига кўра, рақамли виза тушунчаси шундан иборатки, виза учун ариза онлайн тарзда топширилади ва жорий (қоғоз) виза стикер рақамли ҳужжат билан алмаштирилади.
Шу билан бирга, аниқлик киритилишича, Шенген визасини олиш тартиби аллақачон маълум даражада рақамлаштирилган, чунки аъзо давлатлар ягона маълумотлар базаси - Виза ахборот тизимидан (VIS) фойдаланадилар, бу ерда барча виза аризалари қайд этилади.
Бироқ, виза тартиби асосан қоғоз вариантда бўлиб қолаверади. Ариза берувчилар ариза шаклини (қоғозда) тўлдиришлари ва имзолашлари, тасдиқловчи ҳужжатларни ва тиббий суғуртани (асл ёки нусхада) тақдим этишлари ва виза тўловини тўлашлари керак.
Кутилаётган асосий ўзгаришлардан бири саёҳатчилар учун онлайн тартиб, жумладан тўловларни онлайн тўлаш, шунингдек, виза сўровлари бўйича автоматик тарзда қарор қабул қиладиган тизимни яратишдир.
Европа Комиссиясининг таклифи биринчи навбатда Европа Парламенти ва Кенгаш томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Шундан кейингина Европа Иттифоқига аъзо давлатлар онлайн визага ўтишлари учун 5 йил керак бўлади.
Европа Комиссияси 2026 йилгача Шенген визасига онлайн ариза топшириш имконини берувчи платформани ишга тушириш ниятида.
Шенген ҳудудидаги 26 та Европа давлати ягона виза платформасидан фойдаланади. Европа комиссиясининг аниқлик киритишича, 102 давлат фуқаролари виза олиш учун ариза топширишлари мумкин.
Муаллиф: Ақбота Кузекбай