«Qatar Airways» Алмати-Доҳа йўналишида авиақатновлар сонини кўпайтиради
«Qatar Airways» Алмати-Доҳа йўналиши бўйича тўғридан-тўғри йўловчи рейслари сонини ҳафтасига 7 мартадан 14 мартагача оширишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Кazinform Қозоғистон фуқаро авиацияси қўмитасига таяниб.

Жорий йилнинг 26-27 июль кунлари Қозоғистон ва Қатар авиация маъмуриятлари ўртасида ўтказилган музокаралар натижаларига кўра, мамлакатлар ўртасида рухсат этилган частоталар сони кўпайтирилади, «Qatar Airways» эришилган келишувларга асосан, 2023-2024 йиллар куз-қиш давридан бошлаб Алмати - Доҳа йўналиши бўйича тўғридан-тўғри мунтазам йўловчи рейслари сонини ҳафтасига 7 мартадан 14 мартагача (кунига 2 рейс) етказади.
— Шу билан бирга, «Qatar Airways» яқин муддатда икки давлат пойтахтлари ўртасида авиақатновлар очиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Қозоғистон ва Қатар ўртасидаги авиақатновлар сонининг кўпайиши мамлакатлар ўртасидаги туризм, сармоявий, бизнес ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади, дея таъкидлади Қозоғистон фуқаро авиацияси қўмитаси.