Профессионал бокс: Жанибек Алимханулининг навбатдаги рақиби ҳақида нималарни биламиз
ASTANА.Кazinform - WBO/IBF йўналиши бўйича ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпиони Жанибек Алимханули (15-0, 10 КО) 4 октябрь куни мажбурий даъвогар Андрей Михайлович (21-0, 13 КО) билан IBF чемпионлиги учун жанг қилади. Шу муносабат билан биз Жанибекнинг рақиби ҳақида шарҳни тақдим этамиз.
Андрей Михайлович Дриссен 1997 йил 15 декабрда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида туғилган. 1999 йилда Янги Зеландиялик оила Михайлович ва унинг эгизак акасини 18 ойлик бўлганида болалар уйидан асраб олишди.
Михайлович ҳаваскор боксда яхши натижаларга эришди. Ҳаваскорлик фаолияти давомида у бир нечта Янги Зеландия миллий чемпионатларида қатнашган ва Шимолий оролнинг “Олтин қўлқоп” чемпионатида ғолиб чиққан.
2018 йилда у ҳозирги мураббийи ва менежери Исаак Пич билан учрашди ва ўша йилнинг апрель ойида Роб Рэмсига қарши профессионал боксдаги дебютини ўтказди.
Профессионал боксдаги фаолиятининг дастлабки 12 ойида у 8 та жанг ўтказиб, собиқ WBA PABA ва Янги Зеландия чемпиони Адриан Тайхиа, шунингдек, IBO Океания бўйича собиқ чемпион Чейз Хейлини мағлуб этган.
26 ёшли боксчи профессионал рингда 21 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган ва 13 та жангни муддатидан олдин якунлаган. Бугунги кунда у ўрта вазн тоифасида IBF Pan-Pacific ва WBO Global чемпионлик унвонига эга.
Янги зеландиялик боксчи BoxRec порталида ўрта вазн тоифасидаги жаҳон рейтингида 21-ўринни эгаллаб турибди.
Қайд этиш керакки, Жанибек Алимханули Михайловичнинг профессионал фаолиятидаги энг кучли рақиби ҳисобланади. Бу жанг унинг биринчи жаҳон чемпионлиги учун кураши бўлади.
Аввал хабар берганимиздек, Жанибек бугун жанг олди тарозидан ўтди. Жанибек тарозида 159,6 фунт (72,3 кг), Андрей эса 159,9 фунт (72,5 кг) эди.
Куни кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жанибек рақиби устидан ғалаба қозонишига ишончи комил эканлигини, Сиднейда мамлакат байроғини ҳилпиратишни истаётганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Жанибек ва Андрей ўртасидаги жанг 4 октябрь куни Австралиянинг Сидней шаҳридаги The Star аренада No Limit Boxing промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилади.
Боксчилар IBF йўналиши бўйича жаҳон чемпиони унвони учун кураш олиб боради.
Қозоғистонликлар профессионал бокс учрашувини «Qazsport» телеканали орқали жонли эфирда томоша қилишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, икки боксчи ўртасидаги жанг 13 июль куни Лас-Вегасда (АҚШ) бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ Жанибек вазн йўқотиш туфайли ҳушидан кетган эди.