Президентнинг рақамли иқтисодиёт яратиш сиёсати хорижий ОАВлар диққат марказида

ASTANА. Кazinform — Глобал технология компаниялари Қозоғистонга тобора кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. Мамлакат Европа ва Осиё ўртасидаги энг муҳим сунъий интеллект марказларидан бирига айланишга интилмоқда. Британиянинг Global Banking & Finance Review халқаро молиявий ва таҳлилий нашри Қозоғистоннинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ташаббусларига эътибор қаратди, Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг технологик модернизация сиёсати ва унинг иқтисодий имкониятларини кўриб чиқди.

Президентнинг рақамли иқтисодиёт сиёсати хорижий ОАВлар диққат марказида
Фото: Kazinform/СИ

Нашрда Қозоғистоннинг халқаро технология компаниялари билан ҳамкорлик, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва маҳаллий IТ саноатининг ўсиши нуқтаи назаридан сунъий интеллект соҳасидаги имкониятлари кўриб чиқилди. Муаллифлар мамлакатнинг энергетика салоҳияти ва географик жойлашуви йирик ҳисоблаш марказларини яратишга имкон беришини таъкидлайдилар. Бу йўналишдаги ташаббуслар Қозоғистоннинг хомашё экспортига қарамлигини камайтириши ва янги технологияларга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш учун йўл очиши мумкин.

Президентнинг рақамли иқтисодиёт сиёсати хорижий ОАВлар диққат марказида
Фото: Ақорда

Мақолада NVIDIA асосчиси ва бош директори Женсен Хуангнинг Астанага биринчи ташрифига алоҳида эътибор қаратилган. У Қозоғистонни сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва кенг кўламли ҳисоблаш қувватларини жойлаштириш учун энг мос мамлакатлардан бири сифатида баҳолади. Глобал технология гигантининг бундай қизиқиши Қозоғистоннинг халқаро сунъий интеллект бозоридаги имкониятларини кенгайтиради.

Рақамлаштиришдан иқтисодий модернизациягача

Global Banking & Finance Review шунингдек, Қозоғистоннинг сўнгги йилларда рақамлаштириш соҳасида эришган натижаларини таъкидлайди. Ҳозирда мамлакатдаги давлат хизматларининг 90,3 фоизи электрон шаклда мавжуд. Аҳолининг 97,5 фоизи Интернетга уланган. IТ хизматлари экспорти эса сўнгги беш йил ичида сезиларли даражада ўсди. Масалан, 2020 йилда бу кўрсаткич 33,5 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 1,142 миллиард долларга етди.

Президентнинг рақамли иқтисодиёт сиёсати хорижий ОАВлар диққат марказида
Фото: Kazinform/СИ

Энди кейинги қадам саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларига сунъий интеллектни жорий этиш орқали иқтисодиётнинг унумдорлигини оширишдир.

Бу йўналиш Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг рақамли иқтисодиётни шакллантириш ташаббусларига мос келади. Давлат раҳбари 28 октябрь куни Қозоғистон халқига йўллаган Мурожаатномасида иқтисодиётнинг муайян соҳаларида сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланишга устувор аҳамият берди. Янги технологиялар ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради, корхоналар самарадорлигини оширади ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Милллиардлаб инвестициялар ва маҳаллий технологиялар

Бундан ташқари, хорижий нашрларнинг эътиборини тортган йирик лойиҳалардан бири — Экибастузда амалга оширилаётган Data Center Valley. Ушбу ташаббус Қозоғистонда кенг кўламли ҳисоблаш инфратузилмасини яратишга қаратилган. Сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги халқаро шартномаларнинг умумий қиймати 10 миллиард долларгача етиши мумкин. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2027 йилнинг учинчи чорагида тижорат мақсадларида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Президентнинг рақамли иқтисодиёт сиёсати хорижий ОАВлар диққат марказида
Фото: Kazinform/СИ

Бундай марказлар сунъий интеллект моделларини ўқитиш, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва халқаро компанияларга ҳисоблаш хизматларини кўрсатиш имконини беради. Қозоғистон учун бу нафақат хорижий инвестицияларни жалб қилиш усули, балки рақамли хизматлар экспортини кенгайтиришнинг янги йўналиши ҳам бўлади.

Шу билан бирга, мамлакат суперкомпьютер инфратузилмасини ривожлантирмоқда ва миллий тил моделларини ишлаб чиқмоқда. Нашр диққатини қаратган муҳим масалалардан бири — бу имкониятлардан қозоғистонлик мутахассислар ва технология компаниялари манфаати учун фойдаланиш. Бунинг учун янги технологиялар, илмий тадқиқотлар ва халқаро бозорда талаб юқори бўлган маҳаллий маҳсулотларни ўзлаштирган мутахассислар керак.

Президентнинг рақамли иқтисодиёт сиёсати хорижий ОАВлар диққат марказида
Фото: freepik.com

Қозоғистоннинг бу йўналишдаги салоҳиятини намойиш этувчи мисоллардан бири — сунъий интеллект ёрдамида видеолар яратишга ихтисослашган Higgsfield стартапи. 2026 йил август ойида компания 400 миллион долларлик инвестицияларни жалб қилди ва унинг бозор қиймати 5,4 миллиард долларга баҳоланди. Бундай лойиҳаларнинг ривожланиши Қозоғистон технологик экотизимининг глобал сунъий интеллект бозори билан алоқаси мустаҳкамланганидан далолат беради.

Сунъий интеллект иқтисодиётга қандай фойда келтиради?

Global Banking & Finance Review нашри шунингдек, сунъий интеллектнинг иқтисодиётнинг анъанавий соҳаларига таъсирини ҳам кўриб чиқади. Масалан, энергетика соҳасида ақлли тизимлар ускуналарнинг ишдан чиқиши хавфини олдиндан аниқлашга ва ишлаб чиқаришдаги узилишларни камайтиришга ёрдам беради. Саноатда улар технологик жараёнларни оптималлаштиришга, логистикада юк ташишни тезлаштиришга ва қишлоқ хўжалигида сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланишга имкон беради.

Бироқ, халқаро инвестициялар ва замонавий инфратузилманинг мавжудлиги технологик ривожланишнинг ягона шарти эмас. Бу йўналишда муҳандислик мутахассисларини тайёрлаш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий ишланмаларни бозорга олиб чиқиш муҳимдир. Хусусан, Қозоғистонда яратилган технологиялар халқаро рақобатга бардош бериши ва мамлакат иқтисодиётига реал фойда келтириши жуда муҳимдир.

Қозоғистон байроқлари
Фото: Мақсат Шағырбаев/ Kazinform

Қозоғистоннинг узоқ муддатли мақсади — хомашё ва энергия ресурсларини экспорт қилиш билан чекланиб қолмасдан, юқори қўшимча қийматга эга технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган мамлакатга айланишдир. Халқаро компаниялар билан ҳамкорлик ва йирик инвестиция лойиҳалари бу йўлда янги имкониятлар очади. Энди натижа ушбу имкониятларнинг маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, янги иш ўринларини яратишга ва рақамли экспортнинг ўсишига қанчалик ҳисса қўшишига боғлиқ.