Президентга Ақмола вилоятини 6 ойда ривожлантириш бўйича маълумот берилди
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Ақмола вилояти ҳокими Марат Ахметжановни қабул қилди. Давлат раҳбарига вилоятни жорий йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида маъруза қилинди.
Марат Ахметжановнинг таъкидлашича, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажми, транспорт хизматлари ва алоқа соҳаларида ижобий динамика кузатилмоқда. Шу билан бирга, вилоят ҳокими иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга тўхталди.
Агросаноат соҳасида 5 миллион тоннадан ортиқ бошоқли дон маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган. Давлат молия муассасалари кўмагида 7 та йирик товар сут-сутчилик фермаси барпо этилмоқда. Жорий йилда ишлаб чиқариш саноатида 9 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Умуман олганда, вилоят иқтисодиётига 179 миллиард тенгедан ортиқ сармоя киритилди. Вилоят сармоявий портфелида 187 та лойиҳа мавжуд. Улар доирасида 1,7 мингта иш ўрни очилади.
Вилоят иқтисодиётини янада диверсификация қилиш мақсадида Аршали туманида республика аҳамиятига молик “Ақмола” саноат зонаси ташкил этилди. Пойтахтда потенциал инвесторларни жалб қилиш ва уларни “бир дарча” тамойили асосида қўллаб-қувватлаш мақсадида Aqmola invest инвестицияларни ривожлантириш маркази очилди.
Президентга сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, жабрланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Бугунги кунда 711 та уй тўлиқ таъмирланди. 331 та уй-жой қурилмоқда, 221 та уй сотиб олинди. 1782 оилага бир марталик ёрдам берилди. 814 оиланинг мулкига етказилган зарар қопланди. Жабай ва Қилчоқти дарёлари каналлари тозаланиб, айланма каналлар қурилмоқда. Айни пайтда қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари бошлаб юборилган.
Қасим-Жомарт Тоқаевга иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш, муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш ва вилоят марказини ободонлаштириш ҳақида сўзлаб берилди. Кўкшетау шаҳрининг уй-жой фондини модернизация ва янгилаш мақсадида 150 та эски уйни бузиш ва 32 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилган.
Жорий йилда 2 мингдан ортиқ оиланинг уй-жой шароити яхшиланади. Кўкшетау, Степногорск ва Атбасар шаҳарларида умумий узунлиги 26,4 километр бўлган иссиқлик тармоқлари таъмирланмоқда. Бу тармоқларнинг эскириш даражасини ўртача 4,2 фоизга камайтириш имконини беради. “Қулай мактаб” миллий лойиҳаси доирасида 9 та мактаб қурилиши ниҳоясига етказилади. Улардан тўрттаси янги ўқув йили бошланишига қадар фойдаланишга топширилади. “Қишлоқда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида 43 минг нафар аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатадиган 38 та объект қурилиши давом этмоқда.
Йиғилиш якунида Президент Ақмола вилоятини стратегик ривожлантириш режасини амалга оширишни давом эттириш бўйича топшириқлар берди. Давлат раҳбари вилоят мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётганига эътибор қаратиб, агросаноат мажмуасини модернизация қилиш, жумладан, ҳосилни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.