Президент: Яхши ҳосил — мўл-кўлчилик ва фаровонлик гарови
ASTANA. Кazinform – Кузги йиғим-терим даврида бутун мамлакат бўйлаб 24,5 миллион тонна ҳосил йиғиб олинди. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев III Қишлоқ хўжалиги ходимлари форумида маълум қилди.
— Аввало, барчангизни касб байрамингиз билан табриклайман. Бу — алоҳида тадбир. Чунки қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга соҳадир. Бугун, йиллик анъанага кўра, биз мамлакатимиздаги аграр вазиятни муҳокама қилиш учун махсус йиғилмоқдамиз. Йиғилишда малакали мутахассислар, фермерлар, деҳқонлар, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан меҳнаткашлар иштирок этмоқда. Шунинг учун, ушбу форумни чинакам миллий миқёсдаги йиғилиш деб аташ нотўғри бўлмайди, — деди Президент.
Давлат раҳбари бугунги форумда сув ресурсларини тежаш, яйлов ерларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ меҳнаткашларининг ижтимоий шароитларини яхшилаш ва бошқа долзарб масалалар бўйича муҳим фикрлар ва оқилона таклифлар билдирилганини таъкидлади. Ҳукумат ва тегишли вазирлик бу масалани албатта ҳисобга олиши керак.
— Барчангизга маълумки, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги мутахассислари қишлоқ салоҳиятини ошириш ва бутун давлатимизнинг фаровонлигини оширишга катта ҳисса қўшмоқдалар. Сизлар ўз вазифангизни шараф билан бажаряпсизлар ва халқимиз фаровонлигини оширяпсизлар. Ноқулай об-ҳавога қарамай, бу йил мамлакат хирмонлари ғалла билан тўлди. Кузги йиғим-терим даврида бутун мамлакат бўйлаб 24,5 миллион тонна ҳосил йиғиб олинди. Яхши ҳосил — мўл-кўлчилик ва фаровонлик гарови. Бу мамлакатимиздаги оилалар фаровон бўлишини ва дастурхонимиз тўкин бўлишини англатади. Бугун мен фермерлар жамоасига ва ушбу соҳада ишлайдиган барча фуқароларга миннатдорчилик билдирмоқчиман, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.