Президент Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокимини қабул қилди

Президент Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокимини қабул қилди
Фото: Ақорда

Президент Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими Ермек Кўшербаевни қабул қилди, дея хабар беради Каzinform агентлиги Ақордага таяниб.

Давлат раҳбарига жорий йилнинг 11 ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳақида маълумот берилди.

Президентга тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йил охирида Шарқий Қозоғистон вилоятининг умумий ҳудудий маҳсулоти 4,4 триллион тенгени ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Айни пайтда инвестиция лойиҳалари миллий таркибига вилоятдан умумий қиймати 1,1 триллион тенге бўлган 42 та лойиҳа киритилган.

Жорий йилда умумий қиймати 77 миллиард тенге бўлган 8 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Вилоят агросаноат мажмуасида 37 йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларга киритилган сармоя 236,4 миллиард тенгени ташкил этади.

Қозоғистонда биринчи марта кунгабоқар уруғини чуқур қайта ишлаш усули жорий этилиб, йилига 4 минг тонна суюқ лецитин олинади.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, бу йўналишдаги лойиҳалар 22 миллиард тенге миқдорида қўллаб-қувватланди.

Шу билан бирга, Президентга 2024 йил вилоятда “Автомобиль йўллари йили” деб эълон қилингани маълум қилинди.

Йўлларни таъмирлаш ва қуриш учун ажратилаётган маблағларни икки баравар ошириш кўзда тутилган. Жами 600 километр йўл ва кўчаларни таъмирлаш режалаштирилган.

Президент топшириғини бажариш мақсадида Риддер иссиқлик электр марказида таъмирлаш ишлари олиб борилди. 6 та қозонхона таъмирланди. Бугунги кунда Риддер шаҳри аҳолиси иссиқлик билан таъминланган.

Бундан ташқари, чегара яқинида иккита янги туман – Марқакўл ва Қатонқарағайни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунларига кўра, Қасим-Жомарт Токаев вилоят аҳолисининг турмуш даражасини ошириш муҳимлигини таъкидлаб, Шарқий Қозоғистон вилоятини ижтимоий-иқтисодийий жиҳатдан янада ривожлантириш билан боғлиқ қатор вазифаларни юклади.

Сўнгги хабарлар
telegram