Президент: Россиянинг юқори технологияли бизнеси Қозоғистонда кенг танилган

ASTANA. Kazinform — Сунъий интеллект мавзусига бағишланган AI Journey форуми арафасида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Кремлда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари сунъий интеллект мавзусига бағишланган AI Journey 2026 конференциясини ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“Биринчи форум 2020 йилда, COVID пандемияси даврида онлайн тарзда ўтказилгани эсимда. Ўшанда Сиз уч-тўрт йил ичида сунъий интеллект ва рақамлаштириш мавзуси биринчи ўринга чиқишини айтган эдингиз. Худди шундай бўлди. Ҳозир ҳамма юқори технологиялар, жумладан, сунъий интеллект келажак қиёфасини қандай ўзгартириши ҳақида гапирмоқда. Шунинг учун бу галги форум, энг аввало, биз учун алоҳида долзарб аҳамиятга эга. Чунки биз ҳақиқатдан ҳам рақамлаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдамиз. Бу йил Қозоғистонда Сунъий интеллектни ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг E-Government, яъни электрон ҳукумат ва инсон капиталини ривожлантириш рейтингида 16-ўринни эгалладик. Бу кўрсаткич бўйича 24-ўриндан юқорига кўтарилдик”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президентнинг таъкидлашича, Қозоғистон Россиянинг юқори технологияли компаниялари фаолиятини, айниқса, киберхавфсизликни ривожлантириш борасидаги тажрибасини катта қизиқиш билан ўрганмоқда.

“Мен билан бирга катта делегация ҳам келди. Унинг таркибида рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари жорий этилаётган барча бизнес соҳалари вакиллари бор. Россиянинг юқори технологияли бизнеси Қозоғистонда кенг танилган. Айниқса, «Сбер» ва мамлакатимиздаги энг йирик иш берувчилардан бири ҳисобланган «Яндекс Қозоғистон» компаниясини алоҳида таъкидламоқчиман. Ушбу бизнес жуда яхши ривожланмоқда. Россия компаниясининг бозоримиздаги фаолиятидан мамнунмиз ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Давлат раҳбари.

Аввалроқ Кремлда Қасим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.