Президент: Россия - Қозоғистоннинг асосий ҳамкори ва иттифоқчиси
Давлат раҳбари Egemen Qazaqstan газетасига берган интервьюсида бу йил Россияда бўлиб ўтадиган сайловлар ҳақида ўз фикрларини билдирди, деб хабар беради Kazinform.
– Бу йил нафақат Россияда, балки АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларда ҳам сайловлар ўтказилади. Европа парламенти депутатлари ҳам сайланади. Албатта, биз бу сайлов кампанияларини диққат билан кузатиб борамиз. Россиядаги президентлик сайловлари биз учун жуда муҳим эканлигига шубҳа йўқ. Чунки Астана ва Москва орасида муносабатлар жуда юқори даражада. Россия Қозоғистоннинг асосий ҳамкори ва иттифоқчиси эканлиги ҳаммага аён. Ўтган ўттиз йилда давлатлараро муносабатлар асослари мустаҳкамланди. Икки давлат ўртасида 300 дан ортиқ шартнома ва битимлар тузилган. Барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик механизмлари ишламоқда. Олий даражадаги сиёсий мулоқот жадал ривожланмоқда. Биз кўп томонлама тузилмалар доирасида, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва халқаро хавфсизликни таъминлаш жараёнида ҳамкорликда ҳаракат қиламиз. Ўтган йили Владимир Путин Қозоғистонга расмий ташриф билан келган эди. Бу икки томонлама муносабатларни жонлантирган асосий воқеалардан бири бўлгани аниқ. Музокаралар чоғида биз давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва муносабатлар чинакам дўстлик моҳиятидан четга чиқмаслигига яна бир бор ойдинлик киритдик”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Унинг сўзларига кўра, Россия - Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилнинг 10 ойида 21,4 миллиард долларни ташкил этди. Айтиш жоизки, бизнинг чегарамиз қуруқликдаги энг узун чегара ҳисобланади.
Шунингдек, илмий-таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳамиша алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Бу йил буюк рус шоири Александр Пушкин таваллудининг 225 йиллиги нишонланади. Бу нафақат Россия, балки Қозоғистон учун ҳам муҳим воқеа. Чунки Пушкин ҳам Ҳаким Абай каби икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларнинг асосий тимсолларидан биридир. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, Россия Федерацияси жаҳон сиёсатида жуда муҳим рол ўйнайди ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланади. Россия президенти Владимир Путин глобал иқлимга сўз билан ҳам, амали билан ҳам таъсир ўтказувчи шахс. Ҳеч кимга сир эмаски, бутун дунё Россиянинг позициясини ҳисобга олади. Дунёдаги ҳеч бир муаммони бу давлат иштирокисиз ҳал қилиб бўлмайди. Бу кундек равшандир. Шу боис Россиядек гигант давлатда Президент сайловининг халқаро аҳамияти ҳамиша юқори ва дунёнинг кўплаб давлатлари бунга эътибор қаратмоқда”, – деди Давлат раҳбари.