Президент «QazaqGaz» МК» АЖ бошқаруви раиси Алибек Жамауовни қабул қилди
ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбарига компаниянинг ўтган йилдаги фаолияти натижалари ва газ соҳасида амалга оширилган асосий лойиҳалар ҳақида ахборот берилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Алибек Жамауов газ истеъмоли ҳажмининг ортиб бориши ва газни қайта ишлаш заводлари қувватини икки баравар ошириш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, геологик қидирув ва қурилиш ишларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Газ инфратузилмасини кенгайтиришга, жумладан, Астана шаҳри ва унинг агломерациясини зангор ёқилғи билан таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда.
Президентга ўтган йили аҳолиси қарийб 400 минг киши бўлган 112 та аҳоли пункти табиий газга улангани ҳақида ахборот берилди.
Талдиқорған-Ушарал газ қувурининг ишга туширилиши ўтган йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири ҳисобланади. Бу иш белгиланган муддатдан 1 йил 4 ой олдин якунланди. Ушбу газ қувури Жетису ҳудудидаги 84 та аҳоли пунктини табиий газ билан таъминлади ва ҳудудда газлаштириш даражасини 76 фоизгача ошириш имконини берди.
Бундан ташқари, «Бейнеу – Бозой – Чимкент» магистрал газ қувурининг иккинчи линияси қурилиши ва Қашағанда йилига 1 миллиард кубометр газни қайта ишлаш заводи қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳақида ахборот берилди.
Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Жамбил вилоятидаги «Малдибай» конида газ саноатининг ресурс базасини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Амангелди гуруҳи таркибига кирувчи «Бархан» кони фойдаланишга топширилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга рақамли ечимларни жорий этиш ҳақида ахборот берилди. Aqyl Energy ташаббуси доирасида замонавий технологиялар, сунъий интеллект элементлари ва маълумотларни таҳлил қилишдан фойдаланган ҳолда газ қувурларини ҳисобга олиш ва бошқариш жараёнини рақамлаштириш ишлари олиб борилди.
Учрашув якунида Президент иситиш мавсумида аҳоли ва саноат объектларини барқарор газ билан таъминлаш чораларини давом эттиришни буюрди. Шунингдек, у рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш ва газ соҳасининг ресурс базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ вазифаларни юклади.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Мудофаа вазири Даурен Қосановни қабул қилди.