Президент: Олий таълимнинг келгуси ривожи сунъий интеллект технологиялари билан чамбарчас боғлиқ бўлади
ASTANA. Kazinform — Олий таълимнинг келгуси ривожланиши сунъий интеллект технологиялари билан чамбарчас боғлиқ бўлиши шубҳасиз. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев III Стратегик ҳамкорлар форумида маълум қилди.
“Қозоғистон барча соҳаларга сунъий интеллектни жорий этишни бошлади. Бунда илм-фан ва таълим соҳаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Мен 2026 йилни «Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили» деб эълон қилдим. Қозоғистон «Сунъий интеллект тўғрисида»ги қонунни қабул қилди, Рақамли кодексни тасдиқлади ҳамда Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигини ташкил этди. Биз Сунъий интеллектни хавфсиз ва масъулиятли тарзда ривожлантиришни назарда тутувчи «Вашингтон модели»ни қўллаб-қувватладик. У БМТ доирасида сунъий интеллектни тартибга солиш бўйича глобал қоидаларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент тадқиқотчи олимларимиз KazLLM ва AlemLLM деб номланган миллий тил моделларининг асосий элементларини ишлаб чиққанини таъкидлади.
“Жорий йил октябрь ойида Qazaq AI Research University ўз фаолиятини бошлади. Бу - мамлакатимизда сунъий интеллект соҳасидаги тадқиқотларга ихтисослашган илк олий таълим муассасасидир. Шунингдек, талабаларнинг сунъий интеллект соҳасидаги кўникмаларини шакллантириш, технологик тадбиркорликни ривожлантириш ва DeepTech стартапларини қўллаб-қувватлашга қаратилган AI-Sana дастури ҳам ишга туширилди”, — деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев NVIDIA компанияси билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади.
“OpenAI компанияси билан ҳамкорлик натижасида мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари ўқитувчилари ChatGPT Edu махсус чат-ботидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Стэнфорд университети, Массачусетс технология институти (MIT), Беркли ва Карнеги-Меллон университетлари экспертлари кўмагида талабаларимиз 22 мингдан ортиқ лойиҳани ишлаб чиқди. Сунъий интеллект билан боғлиқ юзлаб ечимлар бизнес, соғлиқни сақлаш, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига жорий этилмоқда. Satbayev Technical University ва Гонконг шаҳар университети ўртасидаги ҳамкорлик ҳам ушбу йўналишда сезиларли натижалар берди. Шу муносабат билан жаноб Нгайнинг сунъий интеллект соҳасидаги ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳақидаги ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайман”, — деди Президент.