Президент мамлакат нефть саноатига ҳисса қўшган бир гуруҳ шахсларни тақдирлади
Президент «Шеврон» корпорацияси Қозоғистон билан қўшма корхона очган биринчи хорижий компания эканлигини таъкидлаб, компаниянинг 30 йиллик юбилейи мамлакат нефть-газ саноати учун муҳим воқеа эканини таъкидлади.
«Бугунги кунда «Тенгизшевройл» етакчи халқаро компания сифатида мамлакатнинг умумий иқтисодий ривожланишига муваффақиятли ҳисса қўшмоқда. Мамлакатда ишлаб чиқарилган нефтнинг учдан бир қисми «Тенгизшевройл»га тегишли. Корхона ўттиз йил давомида 70 миллиард доллар сармоя киритиб, давлат бюджетига 160 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирди. Компания товар ва хизматларнинг 70 фоизини маҳаллий етказиб берувчилардан сотиб олади. «Тенгизшевройл» акциядорлик жамияти ишчиларининг 95 фоиздан ортиғини Қозоғистон фуқаролари ташкил этади», – деди Давлат раҳбари.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, компания нефть соҳасида илғор технологиялардан фаол фойдаланмоқда ва углерод нейтраллигига эришиш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрмоқда.
«2000 йилдан буён компания ҳавога чиқарилаётган чиқиндилар ҳажмини 75 фоизга камайтирди. Бу борадаги ишларни давом эттириш керак. Тенгиз конида ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш якунланмоқда. Бу мамлакатимизга нефть қазиб олиш ҳажмини 12 миллион тоннага ошириш ва дунёдаги энг йирик нефть етказиб берувчи давлатлардан бирига айланиш имконини беради», — деди Қ.Тоқаев.
Давлат раҳбари янги чақириқ Парламентнинг биринчи сессиясида сўзлаган нутқида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, бу борада «Тенгизшевройл»нинг ўрни катта. Корхонанинг кенг кўламли ишлаб чиқариш қуввати туфайли турли соҳаларда юзлаб янги корхоналар вужудга келишига иқтисодий пойдевор қўйилди. Натижада ўн минглаб иш ўринлари яратилди.
Бундан ташқари, Президент «Тенгизшевройл»нинг ижтимоий масъулияти ҳақида ҳам гапирди. Корхона ўттиз йил ичида 100 дан ортиқ йирик ижтимоий лойиҳаларни амалга оширди. Хусусан, мактаб, боғча, касалхона ва бошқа иншоотлар қурилишига катта маблағ сарфлади.
Йиғилиш сўнгида Президент мамлакат нефть саноатида самарали меҳнат қилган бир қатор меҳнат фахрийлари ва корхона ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлади.
«Құрмет» ордени билан Жанузақ Оразов, Женис Сейтаев, Кобентай Суйесинов, III даражали «Еңбек даңқы» ордени билан меҳнат фахрийлари Мухит Абилғазиев, Мирзақуат Қарабалин, Леонид Торопкин, Айтқали Уйпақов, «Ерен еңбегі үшін» медали билан «Тенгизшевройл» МЧЖ иккинчи авлод заводи бошқарувчиси Данияр Бижанов, меҳнат фахрийлари Болат Ерниязов, Ўринбай Жакиев, «Тенгизшевройл» МЧЖ ишлаб чиқаришни яхлит бошқариш маркази раҳбари Руслан Инебаев, «Тенгизшевройл» заводи раҳбари Нурлан Бектаев Қозоғистон Республикаси Президентининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.