Президент KIA автомобилларини ишлаб чиқарувчи завод қурилиши билан танишди
QOSTANAİ. Кazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қостанай вилоятидаги KIA автомобилларини ишлаб чиқарувчи завод қурилиш майдонига ташриф буюрди.
Президентга маълум қилинишича, қурилиш ишлари ўтган йилнинг октябрь ойида бошланган. Режага кўра, биринчи автомобиль келгуси йилнинг июль ойида конвейердан синов режимида чиқарилади.
KIA Qazaqstan бош директори Ким Дэ Кининг айтишича, завод 2025 йил октябрь ойида ишга туширилади. Автомобиль компанияси дастлабки босқичда Sorento моделини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. 2026 йилнинг январидан янгиланган Sportage модели йиғилади.
Президентга KIA заводи йилига 70 мингга яқин автомобиль ишлаб чиқариши мумкинлиги ҳақида маълумот берилди.
Корхонада 1500 та янги доимий иш ўрни очилади.
Бу ерда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва уни экологик зарарсиз қилишга қаратилган технологик ечимлардан фойдаланилмоқда.
Замонавий автоматлаштирилган корхонанинг пайвандлаш линиясида автомобилларни бўяш ва йиғиш учун 70 та роботдан фойдаланилади.
Лойиҳа қиймати 200 миллион доллар бўлиб, унинг деярли 80 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.
Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев янги завод ёнида эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилди. Бугунги кунда маҳаллийлаштириш маркази қурилиши бошланди. KIA автомобиллари бутловчи ва эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи глобал компанияларни жалб қилиш устида ишламоқда.
КСС Corporationнинг автомобиль бутловчи қисмлари бўлимии менежери Пак Сэйон ва Seoyon Ehwa Global компанияси глобал бизнесни бошқариш гуруҳи раҳбари Чанг Сэоквон Жанубий Корея ишлаб чиқарувчилари Қозоғистонда ўз корхоналарини очишга тайёрлигини маълум қилди.