Президент Халқаро меҳнат ташкилоти раҳбари Жильбер Унгбо билан учрашди
ASTANА. Кazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев Жильбер Унгбога эҳтиром кўрсатди ва унинг ташрифи Қозоғистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигига янги суръат бағишлаш нуқтаи назаридан жуда муҳим эканини таъкидлади.
Президент жаҳон миқёсида ижтимоий адолат тамойилларини ривожлантиришда Халқаро меҳнат ташкилотининг ўрни борлигини алоҳида таъкидлади.
- Биз адолатли Қозоғистон қуряпмиз. Бу концепция ижтимоий адолат ташаббусларингиз билан мос келади. Халқаро меҳнат ташкилотининг ишончли, адолатли ва самарали ижтимоий тотувликни таъминлаш, шунингдек, меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган миссияси шубҳасиздир. Қозоғистон Ташкилотнинг 25 та асосий конвенциясини ратификация қилган. Бу ишлар давом этади, - деди Президент.
Давлат раҳбари Қозоғистонда фуқаролар фаровонлигини ошириш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Жильбер Унгбо Қасим-Жомарт Тоқаев раҳнамолигида адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади.
Бундан ташқари, у Президентга Ҳукумат аъзолари билан самарали учрашувлар ўтказилгани, Қозоғистон Халқаро меҳнат ташкилотининг мақсад ва вазифаларини илгари суриш бўйича минтақада етакчи эканини таъкидлади.
– Мамлакатингизда ижтимоий ва меҳнат шароитларини яхшилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ташкилотимизнинг Ижтимоий адолат учун глобал коалиция доирасидаги ташаббусларига мос келади, – деди Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори.
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Жильбер Унгбо Қозоғистоннинг ижтимоий сиёсатини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.