Президент Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассо билан учрашди

ASTANА. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга хорижий инвесторлар кенгашининг 36-ялпи мажлисида иштирок этиш учун келган Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Суҳбат чоғида иқтисодиётнинг уй-жой коммунал соҳаси, кичик ва ўрта бизнес, молия, энергетика, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва ахборот технологиялари каби турли тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликнинг стратегик моҳиятини, шунингдек, молия институтининг Қозоғистон иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.

ЕТТБ президенти мамлакат барқарор ривожланиши, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётни модернизация қилишга таъсир этувчи ўзаро ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишлари бўйича ўз режаси билан ўртоқлашди. Одиль Рено-Бассо банк Қозоғистоннинг сармоявий лойиҳаларини синчиклаб ўрганишини ва келажакда инфратузилмани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ниятида эканини маълум қилди.

ЕТТБ “яшил иқтисодиёт” талабларини қондириш доирасида яқин йилларда мамлакатга 2 миллиард евро сармоя киритишни режалаштирмоқда. Жорий йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Қозоғистонда 22 та лойиҳани амалга ошириш учун 650 миллион доллар ажратади. ЕТТБ президенти “Самруқ-Қазна” акциядорлик жамияти харидлари жараёнига ижобий баҳо берди. Унинг сўзларига кўра, кредитор компанияларнинг жамғарма қоидаларига мувофиқ фаолият юритаётгани харидлар жараёнининг шаффофлигига ишонч юқори эканлигини кўрсатади.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Одиль Рено-Бассо жаҳон иқтисодиётини ривожлантиришга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Сўнгги хабарлар