ҚР Президенти «Болашақ» халқаро стипендиясининг 30 йиллиги билан табриклади
ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев «Болашақ» халқаро стипендиясининг 30 йиллигига бағишланган тантанали форум иштирокчиларига табрик мактуби йўллади, деб хабар беради Каzinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Ҳурматли форум иштирокчилари!
Барчангизни «Болашақ» халқаро стипендиясининг 30 йиллиги билан табриклайман!
Бу Қозоғистоннинг барча ҳудудларидан келган иқтидорли ёшларга йўл очган ноёб дастурнинг юбилейи. Мазкур ноёб лойиҳа мамлакатимизда етук ва малакали кадрлар захирасини шакллантиришга катта ҳисса қўшди.
Бугунги кунда «Болашақ» дастурининг минглаб битирувчилари турли соҳалардаги ижобий ўзгаришларнинг хабарчиси бўлиб, юртимиз фаровонлиги йўлида муваффақиятли меҳнат қилмоқда.
Ҳозир Қозоғистонга ривожланиш учун янги туртки керак. Бизнинг олдимизда мамлакат иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, сиёсий тизимни янада модернизация қилиш, чинакам адолатли ва инклюзив жамият яратиш каби кенг кўламли вазифалар турибди. Бу борада таълим соҳасига сармоя киритиш, фуқароларнинг ўз салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишига имкон яратиш жуда муҳим.
Иқтидорли, меҳнатсевар ва талабчан, ҳалол фуқаролик фазилатларини эгаллаган ёшларни давлат доимо қўллаб-қувватлаб келади.
Ўйлайманки, Қозоғистонни ҳар томонлама модернизация қилиш бўйича амалга ошириладиган ишларга нафақат “Болашақ” дастурининг битирувчилари, балки мамлакатимиздаги барча ёш мутахассислар ўз ҳиссаларини қўшадилар.
Барчангизга фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман!