Президент БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй билан учрашди
RIM. КAZINFORM - Давлат раҳбари Италияга расмий ташрифи доирасида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (FАО) Рим шаҳридаги қароргоҳида бўлди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Цюй Дунъюй билан учрашувда жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва агросаноат мажмуасини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш муҳимлигига эътибор қаратди ҳамда Қозоғистоннинг Ташкилот билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди.
- Озиқ-овқат тақчиллиги глобал кун тартибидаги долзарб муаммолардан биридир. Қозоғистон бу муаммони ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Мамлакатимиз бошоқли дон етиштириш бўйича биринчи ўринда туради. Буғдой экспорти ҳажми қарийб 6 миллион тоннага етади. Биз ғалла ва ун етиштирувчи 10 та йирик давлат қаторидан жой олдик, – деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Ташкилот билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатимиз БМТ томонидан уруғчиликни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларининг деградациясига қарши курашиш, яшил қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ер ва сув ресурсларидан мақбул ва самарали фойдаланиш йўналишларида эксперт ёрдами кўрсатишига умид қилмоқда. Қозоғистон FАОнинг “Бир мамлакат – бир асосий маҳсулот” ташаббусида иштирок этади, унинг мақсади маҳаллий ноёб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бўйича барқарор ишлаб чиқариш ва савдо занжирларини яхшилашдир.
Давлат раҳбари Алматининг машҳур апортини Цюй Дунъюйга таништирди.
– Қозоғистон олманинг ватани сифатида кенг танилган. Апорт нави мамлакатнинг энг йирик мегаполиси Алмати яқинида ўсади. Сизлар билан ҳамкорликда олманинг бу турини жаҳон бозорига олиб чиқиш ниятидамиз. Биз ушбу ташаббусни амалга оширишда сизнинг шахсий ёрдамингизга таянамиз, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Бундан ташқари, Давлат раҳбари Қозоғистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти раиси сифатидаги устувор вазифалари ҳақида гапирди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ташкилотни Орол ҳавзасидаги ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларини бошқариш билан боғлиқ лойиҳаларни ишлаб чиқишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга таклиф қилди. Президент мамлакатда FАОнинг Марказий Осиёдаги минтақавий филиалини очишни ҳам таклиф қилди.
Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Қозоғистон нафақат минтақада, балки бутун дунёда глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатишда катта рол ўйнашини таъкидлади.
Учрашув якунида Президент FАО раҳбариятига мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди ва бўлажак Халқаро Астана форумида иштирок этишга таклиф қилди.
