Президент БМТ Кўнгиллилар дастури ижрочи координатори Тўйли Қурбоновни қабул қилди
ASTANА. Кazinform – Учрашувда Қасим-Жомарт Тоқаев Тўйли Қурбоновга Қозоғистоннинг волонтёрлар ташаббусларини доимий қўллаб-қувватлагани ва Астанада ўтказилаётган МДҲ Волонтёрлар форумида иштирок этгани учун миннатдорчилик билдирди.
Президент Қозоғистон волонтёрлар ҳаракатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. Буни мамлакатнинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланган 2026 йилни Барқарор ривожланиш учун Халқаро волонтёрлар йили деб эълон қилиш таклифи тасдиқлайди.
– Давлат сиёсати нуқтаи назаридан биз волонтёрликни чинакам ватанпарварлик ва ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг намоён бўлиши деб биламиз. Менинг ташаббусим билан янги Конституцияга волонтёрлик тамойиллари киритилди. Бу конституциявий даражада биринчи марта волонтёрликни рағбатлантиришни мустаҳкамлайди, – деди Президент.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистонда Халқаро волонтёрлар йили доирасида мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилмоқда ва мамлакатдаги кўнгиллилар сони 300 мингга яқинлашди.
Волонтёрлар ҳаракатини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Волонтёрнинг рақамли паспорти жорий этилди, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари ва минтақавий инфратузилма такомиллаштирилмоқда.
Тўйли Қурбонов БМТ Кўнгиллилар дастури билан юқори даражадаги ҳамкорликни, шунингдек, Халқаро Волонтёрлар йили доирасидаги қўшма ишларни таъкидлаб, Қозоғистон Президентига волонтёрлар ҳаракатини ривожлантиришга эътибор қаратгани учун миннатдорчилик билдирди.
– Қозоғистон — волонтёрлик соҳасида улкан ютуқларга эришган ноёб мамлакат. Қозоғистоннинг Волонтёрлар йили деб эълон қилиш ташаббусини 60 дан ортиқ давлат қўллаб-қувватлади. Сизлар глобал тренд яратмоқдасиз. "Тоза Қозоғистон" каби оммавий ҳаракатларингиз бир қатор мамлакатларда катта қизиқиш уйғотмоқда, — деди БМТ Кўнгиллилар дастури ижрочи координатори.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда волонтёрлик фаолиятини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун БМТнинг Кўнгиллилар дастури ижрочи координатори Тўйли Қурбоновни II даражали “Достық” ордени билан тақдирлади.
Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев ноёб металларни қидириш ва қайта ишлашни кучайтиришни топширди.