Президент «ALACEM» цемент заводи фаолияти билан танишди

Завод
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Жетису вилоятидаги энг йирик ишлаб чиқариш марказларидан бири бўлган «ALACEM» цемент заводига ташриф буюрди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

2020 йилда саноатлаштириш дастури доирасида ишга туширилган Қозоғистон-Сингапур қўшма корхонасида қуруқ усулда йилига 1,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг қиймати - 47 миллиард тенге. Заводда асосан М400, М450, М500 турдаги цементлар ишлаб чиқарилади, улар фуқаролик ва саноат объектларини қуришда кенг қўлланилади. Масалан, ушбу завод маҳсулотидан Катта Алмати дарёсидаги “Аюсай” тўғони қурилишида фойдаланилган.

Корхона бошқарувчи директори Станислав Шчербаковнинг сўзларига кўра, завод Алмати шаҳри, Жетису ва Алмати вилоятларининг цемент маҳсулотларига бўлган талабининг 65 фоизигача таъминлайди. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида экологик тоза, чиқиндисиз ишлаб чиқариш стандартларига жавоб берадиган илғор технологиялардан фойдаланилди. Ишлаб чиқариш жараёнини бошқариш учун DCS интеллектуал тизими ҳам жорий қилинган.

Корхонанинг ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика участкаларида 600 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти маҳаллий аҳолидир. Шу билан бирга, маҳсулотларни сотиш ва дилерлик тармоқлари орқали 200 га яқин қўшимча иш ўрни очилди.

Корхона ишга туширилгандан буён бизнеснинг ижтимоий масъулияти доирасида Кербулоқ тумани ривожига 2,7 миллиард тенге молиявий кўмак кўрсатди. Бу маблағлар “Сариўзек-Кўктол” йўлини таъмирлаш ва тумандаги ижтимоий лойиҳаларга сарфланди.

Давлат раҳбари завод ишчилари билан суҳбатлашиб, бундай йирик ишлаб чиқаришнинг очилиши қурилиш соҳасини ривожлантириш, айниқса, маҳаллий инфратузилмани яхшилашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Бундан ташқари, компания таъсисчилари мамлакатда амалга оширилаётган сармоявий лойиҳалар кўламини кенгайтирмоқда. Жумладан, 2021 йилда Абай вилояти Жарма туманидаги “Қозоқцемент” корхонасини сотиб олиб, модернизация қилиш орқали 450 иш ўрни яратди. Бундан ташқари, яқин йилларда Жамбил вилоятининг Қордай туманида яна бир цемент ишлаб чиқарувчи корхона ишга тушади. Завод маҳсулотлари қўшни давлатлар Қирғизистон ва Ўзбекистонга экспорт қилинмоқда.

Сўнгги хабарлар