Президент Абай вилояти ҳокимини қабул қилди

Тоқаев
Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Абай вилояти ҳокими Нурлан Уранхаевни қабул қилди.

Президентга Абай вилоятини ўтган йили ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳақида маълумот берилди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга маълум қилинишича, ўтган йили вилоят иқтисодиётига 568,9 миллиард тенге сармоя киритилди.

Бунда ўсиш 132,7 фоизни ташкил этди, жумладан, хусусий инвестициялар ҳажми 131,5 фоизга ошди. Ишлаётган кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 107,1 фоизга ошиб, 53,2 мингтага етди.

Нурлан Уранхаев 2023 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 105,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги ўсиши 103,5 фоизга, қурилиш ҳажми 119,1 фоизга ўсганини маълум қилди.

Президент топшириғига мувофиқ вилоятда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс режаси амалга оширилмоқда.

Режага инвестиция ҳажми 1,9 триллион тенге бўлган 102 та лойиҳа киритилган. “Қаражира” конида кўмир-кимё мажмуаси ва қуввати 1 ГВт бўлган учинчи шамол электр станциясини қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Чегара яқинида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. ХХРнинг Шинжон-Уйғур автоном тумани билан ҳамкорликда сармоявий лойиҳалар ва вақтинчалик чегара ўтиш пункти қуриш бўйича келишувга эришилди.

Минтақавий туризм ривожига туртки бўладиган Семей — Тачэн (Шауешек) авиақатновининг очилиши давом этмоқда. Шунингдек, Татаристон Республикаси билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси имзоланди.

Давлат раҳбарига учинчи иссиқлик электр маркази қурилишининг техник-иқтисодий таҳлилини ишлаб чиқиш ҳақида маълумот берилди.

Дастлабки ҳисоботга кўра, режалаштирилган иссиқлик қуввати 1200 Гкал/соат, электр қуввати эса 360 МВтни ташкил этади. Шунингдек, вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш мақсадида 46 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

“Қулай мактаб” миллий лойиҳаси доирасида 2025 йилгача 5700 ўринли 11 мактаб қуриш режалаштирилган.

“Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш” миллий лойиҳасини амалга ошириш доирасида вилоятда 2025 йилгача бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи 65 та объект қурилади. Унинг қиймати 10,8 миллиард тенгени ташкил этади.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев вилоятни янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича қатор топшириқлар берди.

Сўнгги хабарлар