Президент: 2027 йилга бориб юк ташиш ҳажмини йилига 10 миллион тоннага етказишни режалаштирмоқдамиз
ALMATY. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Алматида олимлар билан учрашувда тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар, аграр фанни ривожлантириш, агросаноат мажмуасига замонавий технологияларни жорий этиш каби соҳалардаги олимларнинг салоҳиятига эътибор қаратди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Президент тиббиёт, фармацевтика, биотехнология соҳаларида олимларнинг салоҳияти жуда юқори эканини таъкидлади. Мамлакатда дори воситалари, вакциналар ва бошқа талаб қилинадиган тиббий маҳсулотларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришга қодир йирик корхоналар муваффақиятли ишламоқда.
“Аҳолини маҳаллий тиббиёт маҳсулотлари ва дори воситалари билан таъминлаш даражасини босқичма-босқич ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада етакчи халқаро компаниялар билан алоқалар ўрнатмоқдамиз. Маҳаллий соғлиқни сақлашнинг ривожланиши аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигида намоён бўлади. Қозоғистонда бу ёш 75 ёшдан ошган. Лекин бу кўрсаткич бўйича биз дунёнинг етакчи давлатларидан ўнлаб йиллар давомида орқадамиз. Бу биз интилаётган мақсадларимиздан биридир”, – деди Давлат раҳбари.
Президент, шунингдек, Қозоғистон агросаноат мажмуасини ривожлантиришда катта салоҳиятга эга ва минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта ҳисса қўшиши мумкинлигини айтди.
“Қишлоқ хўжалигида барча имкониятларни рўёбга чиқариш учун меҳнат унумдорлигини сезиларли даражада ошириш зарур. Шу боис қишлоқ хўжалиги фанини ривожлантириш, агросаноат мажмуасига замонавий технологияларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Олимларимиз чорвачилик уруғчилиги билан шуғулланиб, иқлимимизга мос, мўл ҳосил берадиган, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар навларини етиштирмоқда. Бу ишни имкон қадар кучайтириш керак. Мамлакатнинг улкан транспорт-логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарур. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши жаҳон савдосида кўплаб имкониятларга йўл очади. 2027 йилга бориб ушбу йўлак орқали юк ташиш ҳажмини йилига 10 миллион тоннага етказишни режалаштирганмиз. Мамлакатимизнинг Евроосиёдаги асосий транзит хаб сифатидаги ролини кучайтириш учун автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспортини ривожлантириш зарур”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.