Португалиялик Пепе Европа чемпионатида ўйнаган энг кекса футболчига айланди

Пепе
Фото: Sportarena.com

ASTANА. Кazinform - Футбол бўйича Европа чемпионатида иштирок этаётган португалиялик футболчи Пепе мазкур мусобақада ўйнаган энг кекса футболчига айланди.

Кеча, 18 июнь куни у Португалия ва Чехия терма жамоалари ўртасидаги учрашувда яшил майдонга тушиб, 90 дақиқа ҳаракат қилди. Шундай қилиб, 41 ёшу 113 кунлик у қитъа ўйинлари тарихидаги энг кекса футболчига айланди. Португалиялик ҳимоячи венгриялик машҳур дарвозабон Габор Кирайнинг рекордини янгилади (40 ёш, 86 кун).

Пепе (тўлиқ исми Ке́плер Лавера́н Ли́ма Ферре́йра) 1983 йил 26 февралда Бразилияда туғилган. Спорт фаолияти давомида Португалиянинг “Маритиму”, “Порту”, Испаниянинг “Реал Мадрид”, Туркиянинг “Бешиктош” клубларида тўп сурган.

2007 йилдан буён терма жамоа сафида 136 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ туркиялик Арда Гюлер Роналдунинг рекордини янгилаган эди. У Туркия - Грузия учрашувининг 65-дақиқасида гол уриб, илк ўйинида гол урган энг ёш футболчи (19 ёш, 114 кун) бўлди.

Ушбу гол эвазига Арда Гюлер Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг 20 йиллик рекордини янгилади.

Эслатиб ўтамиз, Криштиану Роналду 2004 йилги Европа чемпионатидаги илк ўйинида (19 ёш, 128 кун) Греция терма жамоасига гол урган эди.

Сўнгги хабарлар