Покистонда ўтказилган мусобақада Қозоғистон ҳарбийлари ғалаба қозонди

ASTANA. Кazinform - Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари Қуруқликдаги қўшинлари ҳарбий хизматчилари “Покистон армиясининг жамоавий руҳи-2024” халқаро танловида ғолиб чиқди, дея маълум қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Покистонда ўтказилган мусобақада Қозоғистон ҳарбийлари ғалаба қозонди
Фото: ҚР Мудофаа вазирлиги

Мусобақа Покистон пойтахти Исломобод яқинидаги қадимий Равалпинди шаҳрида бўлиб ўтди. Ҳарбий-спорт турнири “душман нишонларини аниқлаш”, “тўсиқ ҳаракати”, “артиллерия ўқларини созлаш”, “шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва ярадорларни эвакуация қилиш”, “ҳудудни миналардан тозалаш”, "тунда сув тўғонларидан ўтиш" ва Калашников автоматидан ўқ отиш босқичларидан иборат.

Мусобақанинг мураккаблиги шундаки, топшириқлар шартли душман томонидан босиб олинган тоғли ҳудудларда бажарилади. Кучли жисмоний тайёргарлик, ҳаракатларни мувофиқлаштириш, сабр-тоқат ва жамоавий руҳ қозоғистонлик жангчиларнинг муваффақиятли чиқишлари гарови бўлди.

- Мушкул ва нотаниш жойда, жангга энг яқин вазиятда психологик тайёргарлигимизни ва қанчалик пухта эканимизни синаб кўриш учун ажойиб имконият бор эди. Асосийси, яхши тажриба орттирдик, – дея хулоса қилди жамоа раҳбари, подполковник Ербол Серғазин.

“Покистон армиясининг жамоавий руҳи-2024” халқаро танлови 2016 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бу йил Қозоғистон ҳарбийлари учинчи бор иштирок этмоқда. 2021 йилда улар ҳарбий кузатувчи сифатида, 2023 йилдан эса тўлиқ иштирокчиларга айландилар.

Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақаларда Баҳрайн, Иордания, Ироқ, Қозоғистон, Қатар, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Мальдив, Марокаш, Покистон, АҚШ, Таиланд, Туркия, Ўзбекистон ва Шри-Ланка давлатларининг ҳарбий хизматчилари иштирок этди.

Сўнгги хабарлар