Pinduoduo ва Claude солиқ текширувидан сўнг Қозоғистон бюджетига 8 млрд тенге тўлади
ASTANA. Kazinform — Хитойнинг Pinduoduo маркетплейси ва Claude сунъий интеллект ёрдамчисини ишлаб чиқувчи Anthropic компанияси солиқ маъмурчилиги ва камерал назорат натижаларига кўра, Қозоғистон бюджетига жами 8 млрд тенге ўтказди. Бу ҳақда ҚР Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси хабар берди.
Давлат даромадлари қўмитаси Қозоғистон ҳудудида фаолият юритаётган хорижий интернет-платформаларнинг солиқ тўлашини таъминлаш бўйича ишларни давом эттираётганини маълум қилди.
Солиқ маъмурчилиги натижасида Pinduoduo бюджетга 6,8 млрд тенге (15,1 млн доллар) ўтказди.
Бундан ташқари, Claude сунъий интеллект ёрдамчисини ишлаб чиқувчи Anthropic, PBC компанияси ўтган солиқ даврлари учун 1,2 млрд тенге (тахминан 2,6 млн доллар) тўлади. Компания камерал назорат натижалари бўйича юборилган хабарномалардаги талабларни бажарди.
“Қонунчиликда хорижий интернет-платформалар солиқ қонунчилиги талабларини бажармаган тақдирда, уларнинг интернет-ресурсларига киришни чеклаш имконияти назарда тутилган. Шу муносабат билан қўмита Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Farfetch платформаси операторига камерал назорат тўғрисида хабарнома юборди. Хабарнома бажарилмагани сабабли Қозоғистон ҳудудида Farfetch интернет-ресурсига кириш чекланди”, — дея хабар берди ҚР Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси.
Farfetch — машҳур брендлар маҳсулотларини ҳам ўз ичига олган кийим-кечак, пойабзал ва аксессуарлар сотиладиган халқаро онлайн-платформа.
Қўмита маълумотларига кўра, бундай чоралар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли талаблар татбиқ этиладиган ва Қозоғистон бюджети олдидаги солиқ мажбуриятларини бажармайдиган барча хорижий интернет-платформаларга нисбатан қўлланилади.