Pfizer ишлаб чиқаришини локализациялаш фармацевтика саноати ривожига янги туртки беради — Алихан Смаилов
VI Қозоғистондаги глобал инвестициялар бўйича давра суҳбати (Kazakhstan Global Investment Roundtable) доирасида ҚР Бош вазири Алихан Смаилов Pfizer, Lasselsberger Group ва Al Rajhi International for Investment (RAII) вакиллари билан учрашди, деб хабар беради Кazinform агентлиги primeminister.kz сайтига таяниб.

Pfizer минтақавий президенти Патрик ван дер Лоо билан суҳбат чоғида Бош вазир Қозоғистонда компаниянинг барча ташаббуслари ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Хусусан, айни пайтда Prevenar 20 вакцинасини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича фаол қўшма ишлар олиб борилмоқда.
KGIR-2023 доирасида Астанада лойиҳа бўйича узоқ муддатли шартнома имзоланди.
“Қозоғистон сармоя ва илғор технологияларни жалб қилишдан манфаатдор. Pfizer дори воситалари ишлаб чиқаришни локализациялаш мамлакатимиз фармацевтика саноати ривожига туртки беришига ишонаман”, – деди Бош вазир.
Австриянинг Lasselsberger Group компанияси раҳбари Йозеф Ласселсбергер билан учрашувда Қозоғистон ҳудудида керамик плиткалар, қуруқ аралашмалар ва елим ишлаб чиқарадиган заводлар қуриш масалалари муҳокама қилинди.
“Қозоғистон Lasselsberger каби стратегик инвесторлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ниятида. Ҳукумат янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тегишли ёрдам кўрсатишга тайёр”, – деди Бош вазир.

Al Rajhi International for Investment компанияси бош директори, Қозоғистон-Саудия ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси Аҳмад Али Ал-Дахил билан учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
“Шу нуқтаи назардан компаниянгиз билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзолангани ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Қозоғистон агросаноат мажмуасини янада ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалиги субъектлари фаол қўллаб-қувватланмоқда”, – деди Алихан Смаилов.
Учрашувлар якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.