Перунинг бир қанча ҳудудларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Мамлакатда норозилик намойишлари давом этмоқда, унинг иштирокчилари давлат раҳбари Дина Болуартенинг истеъфога чиқиши ва янги сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқда.
«15 январдан бошлаб Пуно, Куско, Лима департаментларида, мустақил Каллао провинциясида, Апуримак департаментининг Андауайлас провинциясида, Мадре-де-Дьос департаментининг Тамбопата ва Тауаману провинцияларида, Мокегуа департаменти Марискаль-Ньето провинциясининг Тората туманида, шунингдек, миллий автомобил йўллари тармоғига кирувчи бир қанча магистрал йўлларда 30 кунлик фавқулодда ҳолат жорий этилди», - дейилади El Peruano ҳукумат газетасида эълон қилинган расмий хабарда.
2022 йил 7 декабрда президент Педро Кастильо ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг Перуда ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар бошланди. Йўлларни тўсилиб, аэропортлар ва ҳукумат биноларига ҳужумлар қилинмоқда. Тўқнашувларда 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар яраланди.
Фото: AP Photo / Martin Mejia