Педагоглар ва илмий ходимларнинг шароитларини яхшилаш, юк ташиш: Президент бир қатор қонунларни имзолади

Тоқаев
Фото: akorda.kz

ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фан ва таълим масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қозоғистон Республикаси қонунини имзолади, деб хабар берди Ақорда матбуот хизмати.

Қонунга киритилган ўзгартиришларнинг биринчи блоки педагог ва илмий ходимларнинг моддий шароитларини яхшилашга қаратилган.

Хусусан, маълум илмий даража ва унвонга эга бўлган педагогларнинг ойлик қўшимча тўлови оширилди. Масалан, фалсафа доктори (PhD) , соҳа доктори, фан номзоди ва доцент унвонлари учун тўланадиган қўшимча тўлов 25 БҲМ (92 300 тенге)ни ташкил этади. Фан доктори ва доцент унвони учун 42 БҲМ (155 064 тенге), фалсафа доктори (PhD) , соҳа доктори, фан номзоди ва фан доктори илмий даражаси ва профессор унвони учун 50 БҲМ(184 600 тенге), қўшимча ҳақ тўланади.

Илмий даража ва унвонлар учун бундай ҳар ойлик қўшимча тўлов асосий иш жойида илмий тадқиқот олиб бораётган илмий ходимларга ҳам белгиланди. 40 ёшгача бўлган иқтидорли ёш олимларга олий ва (ёки) олий таълимдан кейинги таълим муассасасининг жамғарма фондининг инвестиция даромадлари маблағлари ҳисобидан стипендия олиш ҳуқуқи берилди.

Қонунга киритилган ўзгартиришларнинг иккинчи блоки ҳарбий хизматчилар учун таълим имтиёзларини жорий этишни назарда тутади. Аниқроғи, ҳарбий хизматчиларга ҳарбий хизматни ўтаб бўлгандан кейин олий ва (ёки) олий таълимдан кейинги таълим муассасаларида ўқиш учун таълим грантлари бўйича квоталар жорий этилди.

Ўзгартиришларнинг учинчи блоки тадбиркорлик субъектларининг маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган илмий ва (ёки) илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш лойиҳалари билан боғлиқ қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган. Ўзгартиришларнинг тўртинчи блокига кўра, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига фан ва илмий-техникавий фаолият соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш ҳамда фан ва илмий-техникавий фаолиятни ривожлантириш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш бўйича қатор ваколатлар берилган.

Шу билан бирга, Давлат раҳбари “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида иштирок этувчи давлатларнинг жамаот саломатлигини сақлаш соҳасидаги санитария-эпидемиология характеридаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги Қозоғистон Республикаси Қонунини имзолади.

Бундан ташқари, Давлат раҳбари “Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида халқаро қўшма юк ташиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги Қозоғистон Республикаси Қонунини имзолади.

Қонунлар матнлари матбуотда эълон қилинади.

Сўнгги хабарлар