Парижда Ўзбекистон туризм форуми бўлиб ўтади
2025 йил 10 март куни Туризм қўмитаси томонидан Франциянинг Париж шаҳрида Ўзбекистон туризм форуми ташкил этилади, деб ёзади ЎзА.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ва Франциянинг етакчи туроператорлари ҳамда агентликлари билан Б2Б учрашувлари режалаштирилган.
Мазкур учрашувлар ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва янги ҳамкорликлар ўрнатиш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик маҳсулотлари ва йўналишларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, шартномалар ва битимлар имзолаш ҳамда ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби имкониятларни тақдим этади.
Форум Франция ва Европа мамлакатлари сайёҳлик бозорида Ўзбекистоннинг замонавий сайёҳлик имкониятлари, бой маданий мероси, табиий гўзалликларини тарғиб қилишда муҳим қадам бўлади.