Париж-2024: Қозоғистон спортчилари Олимпиада олдидан жаҳон рейтингида қайси ўринларда

Спорт
Фото: instagram.com/qaz_olympics

ASTANА. Кazinform - Бир неча кундан кейин, 26 июль куни Франция пойтахти Парижда XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари алангаси ёқилади. Тўрт йиллик мусобақани бутун дунё кузатаётгани аниқ.

Энди Қозоғистоннинг Олимпия ўйинларига лицензиялар сони 80 тага етди. Бу Париж Олимпиадаси Қозоғистон мустақил давлат сифатида қатнашадиган саккизинчи ёзги Олимпиада бўлади. Шунингдек, у учинчи марта Европа қитъасида (Афина, Лондон, Париж) иштирок этади. Шу муносабат билан, Қозоғистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси таъкидлашича, Қозоғистон терма жамоаси айни пайтда асосий мусобақага якуний машғулотларни ўтказмоқда. Олимпиада арафасида қозоғистонликларнинг жаҳон рейтингидаги ўрни ҳам маълум бўлди.

Аксарият ҳолларда жаҳон рейтинги қуръа ташлаш жараёнига таъсир қилади ва спортчининг мусобақадан олдинги даражасини билдиради. Айни дамда Азамат Даулетбеков Қозоғистон терма жамоасидан жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турган спортчи ҳисобланади. Эркин кураш бўйича 86 кг вазн тоифасида иштирок этаётган курашчи маълум вақтдан бери жиловни ҳеч кимга бермади. Азамат охирги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори.

Олимпиадада иштирок этадиган яна бир курашчи Алишер Ерғали дунё рейтингида 8-ўринни эгаллаб турибди. Куни кеча Парижга йўлланма олгани эълон қилинган Мейрамбек Қартбай эса ўз вазнида тўртинчи ўринда бормоқда.

Юнон-рум кураши бўйича 60 кг вазн тоифасида рингга чиққан Айдос Султанғали кучли ўнталикка кира олмади. 77 кг вазндаги Демеу Жадираев UWW рейтингида 7-ўринни эгаллади. 87 кг вазнда Нурсултан Турсинов 5-ўринда.

Қозоғистон терма жамоасининг энг яхши теннисчиси Елена Рибакина WТА рейтингида 4-ўринда бормоқда. Парижда иштирок этадиган яна бир қозоғистонлик Юлия Путинцева дунёнинг 38-ракеткаси ҳисобланади.

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда қатнашаётган Александр Бублик АТР рейтингида 23-ўринни эгаллади. Александр Шевченко жаҳон рейтингида 57-ўринни эгаллаб турибди.

Дзюдочилар орасида энг юқори рейтингга Абиба Абужақинова (48 кг) эга. Олимпиада рейтингида кучли учликка кирган. Эркаклар ўртасида энг кўп очко тўплаган Абилайхан Жубаназар (81 кг) 10-ўринни эгаллади. Елдос Сметов (60 кг) рейтингда 22-ўринни эгаллаб турибди.

Қиличбозлик бўйича жаҳон рейтингининг натижаси бевосита Олимпиада ўйинлари қуръа ташлашига таъсир қилади. Жамоавий баҳсларда Қозоғистон терма жамоаси жаҳон рейтингида 4-ўринни эгаллаб турибди.

Руслан Қурбанов яккалик баҳсларида қозоғистонлик спортчилар орасида юқори ўринни эгаллаб турибди. У 12-ўринда. Ерлик Сертай - 35, Эльмир Алимжанов - 47, Вадим Шарлаимов – 65-ўринда. Шунингдек, Қозоғистон велоспорт жамоаси ўтган мавсум якунида UCI рейтингида 19-ўринни эгаллади.

Гимнастика вакили Нариман Қурбанов жаҳон чемпионати босқичларидан сўнг тузилган рейтингда 2-ўринни эгаллаб, Париж Олимпиадасига йўлланма олди.

Эслатиб ўтамиз, Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. Ўйинларда 205 давлатдан 10 500 нафар спортчи иштирок этиши режалаштирилган. Унда 32 спорт туридан 329 та медаллар жамланмаси ўйналади.

Сўнгги хабарлар