Параосиё ўйинлари: Ханчжоуда Қозоғистон Байроғи кўтарилди

Қозоғистон байроғи
Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

Бугун, 21 октябрь куни Ханчжоу шаҳридаги параатлетика қишлоғида Қозоғистон давлат Байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтди. Шу тариқа, бугундан бошлаб Қозоғистон терма жамоаси расман IV Параосиё ўйинлари мусобақаларида қатнашиш имкониятига эга бўлди, деб хабар беради Кazinform агентлиги Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Тадбирда Қозоғистон терма жамоаси спортчилари ва спорт соҳаси мутахассислари иштирок этишди.

“Қозоғистон терма жамоаси Осиё ўйинларига эсон-омон етиб келди. Спортчиларимиз таснифдан муваффақиятли ўтиб, ўз спорт тоифаларини тасдиқладилар. Спортчилар синфи Паралимпия спортида ҳал қилувчи рол ўйнайди ва барча иштирокчилар учун адолатли рақобатни таъминлайди. Энди бизни қимматбаҳо медаллар учун қизғин кураш кутиб турибди. Бизнинг рақибларимиз кучсиз эмас. Ханчжоу—2022 Параўйинларида мамлакатимиздан 14 спорт тури бўйича 131 нафар спортчи иштирок этади. Бу Қозоғистоннинг Параосиё ўйинлари тарихидаги иштирокчилар сони бўйича янги рекорддир. Қозоғистондан аввалги ўйинларда 9 спорт тури бўйича 91 нафар спортчи иштирок этиб, 33 та совринни қўлга киритган эди. Бу йил кўпроқ медаль олиб келишга умид қиламиз”, — деди Миллий Паралимпия қўмитаси бош котиби Ерлан Сулейменов.

Қозоғистон Байроғини кўтариш маросимида иштирок этган Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ғолиби, парапауэрлифтинг бўйича жаҳон ва Осиё чемпиони Давид Дегтярев маросимдаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

Спорт
Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

 

 

“Бугун Ханчжоу шаҳрида мамлакатимиз Байроғи кўтарилди. Қозоғистон Байроғининг бошқа давлатда ҳилпираб туриши ҳар доим ёқимли. Ватанимиз кўк байроғини худди шундай юқорига кўтариш учун бор кучимизни ишга соламиз”, - деди у.

Эслатиб ўтамиз, 22-28 октябрь кунлари Ханчжоу шаҳрида (ХХР) IV Параосиё ўйинлари бўлиб ўтади. Мусобақада 22 спорт тури бўйича 43 давлатдан 4000 га яқин спортчи иштирок этади.

Қозоғистон байроғи
Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

 

Сўнгги хабарлар