Озарбайжонда Premium Eurо-95 бензини нархи ошди
Шу тариқа, ушбу маркадаги бензиннинг бир литри 25 фоизга, яъни литри 1,6 манатдан (0,94 доллар) 2 манатга (1,18 доллар) қимматлашган. АИ-98га келсак, унинг нархи 2,30 манатга (1,35 доллар) етди.
АИ-95 русумли бензин нархининг ошишига ушбу турдаги ёқилғининг четдан келтирилиши, жаҳон бозорида нархларнинг кескин ошгани сабаб бўлмоқда. Озарбайжонга АИ-95 ва АИ-98 бензинлари Руминиядан олиб келинади. Республикада фақат АИ-92 русумли бензин ва дизел ёқилғиси ишлаб чиқарилади, уларнинг нархи ўзгармаган. АИ-92 бензинининг бир литри нархи 1 манат (0,59 доллар), дизел ёқилғиси эса 0,8 манатни (0,47 доллар) ташкил қилади.
Озарбайжонда АИ-92 бензинининг нархи Тариф кенгаши томонидан тартибга солинади. Бошқа маркадаги бензин нархи уларнинг бозор қийматига боғлиқ. АИ-95 бензини нархининг ошиши мамлакатимизда товарлар таннархига таъсир қилмайди, чунки ташувчилар дизел ёқилғиси ва АИ-92 бензинидан фойдаланади.
Шу билан бирга, жаҳон бозорида Аzeri Light нефтининг бир баррели нархи 6,19 долларга ёки 5,15 фоизга тушиб, 113,91 долларни ташкил қилди. Озарбайжоннинг жорий йилги давлат бюджетида нефть нархи 85 АҚШ доллари даражасида белгиланди.
Озарбайжонлик эксперт-иқтисодчи Натиг Жаъфарлининг айтишича, Озарбайжонда премиум АИ-95 бензини давлат томонидан тартибга солинмайди.
«Бир неча йил аввал нархларни тартибга солувчи Тариф кенгаши АИ-95 бензинини рўйхатдан олиб ташлаган эди. Мантиқан, ушбу бренд учун нархларни бозор тартибга солиш бўлиши керак. Афсуски, бозорда биттадан бошқа ўйинчиларимиз йўқ – бу SОCАRнинг шўъба корхонаси бўлиб, мамлакатга маҳсулотни импорт қилади ва нархни белгилайди. Кўриб турганимиздек, жаҳон бозорларида бензин нархи ошиб бормоқда. Биз эса хориждан импорт қилганимиздек, жаҳон нархларига боғлиқмиз. Руминияда бензин (АИ-95) кўтарилиши билан Озарбайжон ичида ҳам қимматлашади», — деди эксперт ва ҳозир АИ-95 Шарқий Европа мамлакатлари билан Озарбайжонда деярли бир хил нархда сотилаётганини таъкидлади.
Муаллиф: Серикбол Қошмағанбетов