Озарбайжонда Қозоғистон маданияти кунлари бўлиб ўтди
Бокуда Қозоғистоннинг Озарбайжондаги маданият кунлари бўлиб ўтди, деб хабар беради Каzinform.

Қозоғистон-Озарбайжон муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда ўзаро маданият кунларини ўтказиш вазифаси давлат раҳбарлари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Илҳом Алиев томонидан берилди.
Тадбирларда Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Қозоғистоннинг Озарбайжондаги элчиси Алим Байел иштирок этди. Маданият кунлари доирасида “Хассак” этно-фольклор гуруҳининг яккахон концерти ва Ғ. Мусирепов номидаги Қозоғистон давлат академик театри томонидан саҳналаштирилган “Қоракўз” спектакли намойиши ташкил этилди.
Якуний маданий тадбирлар 2023 йил 4 декабрь куни Гейдар Алиев марказида бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон тасвирий санъати кўргазмаси очилиб, унда қозоғистонлик ёш рассомларнинг турли жанр ва услубларда ижод қилаётган 46 та ноёб асарлари кўргазмаси намойиш этилди.
Вазир А.Балаеванинг айтишича, кўргазма икки халқнинг маданий янгиланишининг кўзгусидир. Кўргазмада тасвирий санъатнинг рангтасвир, графика, каштачилик, декоратив санъат каби анъанавий турлари билан бир қаторда янги турдаги инсталляция ва арт-объектлар ҳам намойиш этилди.
Асарлари намойиш этилган рассомлар орасида Асел Сабиржанқизи ҳам бор. Ёш рассом гиламга сурат чизишда ўзига хос техникадан фойдаланади. Шу жумладан, туркийлар тарихидан 14 та аёл образини яратди. У Озарбайжон гилам музейига ташриф буюрди ва кўрганларидан илҳомланиб, машҳур шоир Хуршидбону Нотавон портретини чизди. Портрет Озарбайжон Мажлиси раисига топширилди.
Маданият кунлари Қозоғистон санъат усталарининг катта гала-концерти билан якунланди. Тадбирда Озарбайжон Парламенти спикери Соҳиба Ғафарова, вазирлар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, депутатлар, хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли маданият, фан ва санъат намояндалари иштирок этди.

Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири ўз табрик сўзида Озарбайжон Қозоғистон учун яхши қўшни, содиқ дўст ва қардош давлат эканини айтиб, туркий дунёни биргаликда ривожлантиришга эътибор қаратди. Аида Балаева Озарбайжон маданият вазири Одил Керимли ва Қозоғистоннинг Озарбайжондаги элчиси Алим Байелга, шунингдек, уларнинг жамоаларига Маданият кунларини юқори савияда ўтказишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганликлари учун самимий миннатдорлик билдирди.
Маданият кунлари доирасида расмий учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Озарбайжон Президенти ёрдамчиси Ҳикмет Ҳожиев билан учрашувда маданият ва ахборот соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
“Қозоғистон билан стратегик муносабатлар Озарбайжон учун устувор йўналиш ҳисобланади. Бизни, айниқса, Қозоғистоннинг кинематография тажрибаси қизиқтиради. Сизда анимация яхши ривожланган”, - деди Ҳ.Ҳожиев учрашувда. А.Балаева бу борада қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Шакен Айманов номидаги “Қазақфильм” миллий киностудияси архиви, анимацион фильмлар ва “Балапан” болалар каналининг контенти Озарбайжонга берилалади.
Вазир Ҳ.Ҳожиевнинг ёлғон маълумотларга қарши кураш бўйича халқаро медиафорум ўтказиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлади. Томонлар Қозоғистоннинг “Балапан”, “Хабар 24”, «Qazaqstan» телеканалларининг Озарбайжондаги кабел операторлари тармоқларида кўрсатилиши ва Қозоғистонда Озарбайжон CBC TV телеканалининг трансляциясини муҳокама қилдилар.