Озарбайжон визасиз кириш мумкин бўлган давлатлар рўйхатини кенгайтиради
ASTANA. Kazinform — Озарбайжон сайёҳларни рағбатлантириш мақсадида фуқароларига визасиз киришга рухсат бериладиган устувор туристик давлатлар сонини 34 тага етказишни режалаштирмоқда, деб хабар беради агентликнинг Бокудаги мухбири.
Ушбу чора Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 20 августдаги фармони билан тасдиқланган Озарбайжон Республикасида туризмни 2026-2030 йилларда ривожлантириш давлат дастурининг чора-тадбирлар режасида кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, дастурда амал қилиш муддати узоқ бўлган паспортга эга устувор туристик давлатлар фуқаролари учун визасиз режимни бир томонлама ёки ўзаро тарзда жорий этиш учун зарур ички тартиб-таомилларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Дастурнинг мақсади — 28 та устувор туристик давлат фуқаролари учун визасиз кириш имкониятини таъминлаш, шунингдек, бу кўрсаткични 34 тага етказишдан иборат. Ушбу чорани 2026-2030 йиллар оралиғида амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, дастурда Озарбайжоннинг туристик салоҳиятини халқаро даражада тарғиб қилиш кўзда тутилган. Бунинг учун халқаро медиа ва рақамли платформалардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, дастур туристик мақсадларда электрон визалар бериш тартибини соддалаштириш, фуқаролари электрон виза олиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатини кенгайтириш ҳамда ASAN Visa тизимининг техник имкониятларини яхшилашни назарда тутади.