Озарбайжон ва Арманистон чегарасида қуролли тўқнашувлар: Томонлар бир-бирини айбламоқда
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги сайтида маълум қилинишича, тўқнашувлар давлат чегарасининг Калбажар ва Лочин участкаларида содир бўлган. «16 ноябр куни соат 11:00 атрофида арман бўлинмалари давлат чегарасининг ушбу йўналишидаги баландликларни эгаллаб олиш мақсадида кутилмаган ҳарбий операцияни бошлади». Мамлакат мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, «Арманистон томонининг қўшимча жонли кучи, ҳарбий ва махсус техникаси Басаркечяр тумани ва Гаракильсдаги чегара жанговар позицияларига тарқатилди, арман ҳарбий бўлинмалари Озарбайжон армиясининг Калбажар ва Лочин вилоятларидаги жанговар постларига ҳужум қилди».
«Озарбайжон армиясининг позициялари турли калибрли ўқ отиш қуроллари ва гранатомётлардан интенсив ўққа тутилди, жанговар постларга зарар етказилди. Оқибатда дастлабки маълумотларга кўра, икки нафар ҳарбий хизматчи тан жароҳати олди», дейилади Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги баёнотида. «Дарҳол ҳарбий операция ўтказилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида арман ҳарбийлари қуролсизлантирилди ва ҳибсга олинди, кўп сонли турли калибрли қурол ва ўқ-дорилар ўлжа сифатида қўлга киритилди».
Арманистон Мудофаа вазирлиги ҳам чегарадаги вазият ва қурбонлар ҳақида маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, 16 ноябр куни соат 13:00 атрофида Озарбайжон қуролли кучлари бўлинмалари Арманистон Республикасининг шарқий чегараси йўналишида навбатдаги провокацияни амалга ошириб, арман позицияларини ўққа тутган. Арманистон Мудофаа вазирлиги таъкидлаганидек, «душман артиллерия, зирҳли техника ва турли калибрли ўқотар қуроллардан фойдаланган».
Арменпресс нашрига Армения Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича: «Душман жонли кучи катта йўқотишларга учради, бир неча ҳарбий техника йўқ қилинди ёки яроқсиз ҳолга келтирилди».
Арманистон томонининг ҳам йўқотишлари бор. Айни пайтда бир нафар шартнома асосида хизматга олинган ҳарбий хизматчи қурбон бўлганлиги ҳақида тасдиқланган маълумотлар бор. Ярадорлар сони ҳам аниқланмоқда. Яна 12 нафар арман ҳарбий хизматчиси асирга олинди, деб ёзади «Арменпресс».
Маълум қилинишича, «Россия томони воситачилигида эришилган келишувга кўра, Арманистон Республикасининг шарқий чегара зонасида ўқ отиш соат 18:30да тўхтади, вазият нисбатан барқарорлашди».