Озарбайжон ва Арманистон асирларни алмаштирдилар
Икки давлат вакиллари Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жойлашган Газах туманида ҳарбий асирларни алмашди. Буни Озарбайжоннинг ҳарбий асирлар, гаровга олинганлар ва бедарак йўқолганлар бўйича давлат комиссияси тасдиқлади, дея хабар беради Кazinform.

Икки томонлама келишув доирасида Озарбайжон асирга тушган 32 арман аскарини озод қилди. Улардан 26 нафари 2020 йилнинг декабрь ойида Гадрут туманида, қолган 6 нафари турли вақтларда чегарада қўлга олинган.
Арманистон томони икки озарбайжон аскари Ҳусейн Охундов ва Агшин Бобировни қўйиб юборди.
Озарбайжон оммавий ахборот воситалари вакилларининг сўзларига кўра, асирларни алмашиш ҳеч қандай кутилмаган ҳодисаларсиз ўтган ва ҳар икки томон ҳам зарур протокол талабларига тўлиқ риоя қилган. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари асирга олинган аскарларнинг саломатлиги ва умумий аҳволини баҳолади.
Ҳарбий хизматчилар Агшин Бобиров ва Ҳусайн Охундов 9 апрель куни Арманистон билан шартли чегарадаги Нахчевон Мухтор Республикасида ҳаво айниб, кўришнинг ёмонлиги сабабли бедарак йўқолган эди.
8 май куни Арманистон суди Агшин Бобировни 11 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди. Кейинроқ, 21 июнь куни Ҳусейн Охундов 20 йилга ҳукм қилинди, деб хабар берди Озарбайжон media.az портали.
Декабрь ойи бошида Озарбайжон президенти маъмурияти ва Арманистон бош вазири девони қўшма баёнот билан чиқди.
“Инсонпарварлик тамойиллари асосида Озарбайжон Республикаси 32 нафар арман ҳарбийларини, Арманистон Республикаси эса икки нафар озарбайжонлик аскарини озод қилди”, — дейилади хабарда.
Умуман олганда, Боку ва Ереван биргаликда яратилган ҳужжат асосида ўзаро муносабатларни тартибга солиб, тинчлик келишувига эришганини тасдиқлади.