Озарбайжон президентлигига 15 нафар номзод тасдиқланди
26 декабрь куни Озарбайжон Марказий сайлов комиссияси (МСК) яна 8 нафар номзодни президентликка номзод сифатида тасдиқлади. Бу ҳақда Kazinform агентлиги МСК котибаси Орифа Мухторовага таяниб хабар беради.

Хусусан, Сарван Керимов, Матлаб Муталлимли, Абутолиб Самедов, Фикрет Юсифов, Юсиф Багирзода, Юнус Ўғуз ва Ғуломҳусейин Алибейлининг номзоди тасдиқланди.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Сарван Керимов олдин илмий иш билан шуғулланган. Матлаб Муталлимли ва Абутолиб Самедов парламентнинг собиқ депутатлари. Фикрет Юсифов бунгача Молия вазирлигини бошқарган, Юсиф Багирзода собиқ депута ва МСКнинг собиқ аъзоси. Юнус Ўғуз “Олайлар” газетаси бош муҳаррири, Ғуломҳусейин Алибейли парламентнинг собиқ депутати.
Шундай қилиб, тасдиқланган номзодлар сони 15 кишига етди.
Эслатиб ўтамиз, 19 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси “Янги Озарбайжон” партияси номидан амалдаги президент Илҳом Алиев номзодини тасдиқлади.
МСК, шунингдек, Зоҳид Ўруж (парламент аъзоси), Фозил Мустафо (депутат, Буюк ижод партияси раҳбари), Элшод Мусаев (Буюк Озарбайжон партияси раиси), Гудрат Гасангулиев (Яхлит Озарбайжон халқ фронти партияси раиси) ва Рози Нураллаевларни (“Миллий фронт” партияси раиси) тасдиқлади.
Талабга кўра, номзод МСКда рўйхатдан ўтиш учун 60 та сайлов округида яшовчи камида 40 минг нафар сайловчи имзосини тақдим этиши керак.
Озарбайжонда навбатдан ташқари президентлик сайловли келгуси йилнинг 7 февралига белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат Марказий сайлов комиссияси яна 8 нафар номзодни Президентликка номзод сифатида тасдиқлаш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эдик.