Озарбайжон Қозоғистон Президентининг ташаббусини қўллаб-қувватлайди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистоннинг Озарбайжондаги элчиси Алим Байел Озарбайжон соғлиқни сақлаш вазири Теймур Мусаев билан учрашди.
Қозоғистон дипломати икки томонлама муносабатларнинг юқори даражаси ва динамикасини қайд этди. Элчи Озарбайжонга тиббий туризм мақсадида келаётган қозоғистонликлар сони йил сайин ортиб бораётгани, Озарбайжон фуқаролари Қозоғистон тиббиёт таълим муассасаларида муваффақиятли таҳсил олаётганига эътибор қаратди.
Озарбайжон вазири икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Теймур Мусаев мамлакатлар дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди. Бундан ташқари, вазир Озарбайжондаги тиббиёт муассасаларини аккредитация қилиш ва сифатини назорат қилиш соҳасида Қозоғистоннинг муваффақиятли тажрибасини ўрганиш ва жорий этишдан манфаатдорлигини билдирди.
Элчи Алим Байел Қозоғистон компаниялари Озарбайжонда, жумладан Қорабоғда тиббиёт муассасалари қурилишида иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Вазир бу ташаббусни ижобий қабул қилиб, бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда Теймур Мусаев Озарбайжон Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан таклиф этилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами бўйича давлатлар коалициясини тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Тиббиёт соҳасини халқаро миқёсда ривожлантиришга қаратилган ушбу ташаббус Давлат раҳбари томонидан 2023 йил 23 октябрда бўлиб ўтган Алмати декларациясининг 45 йиллиги ва Астана декларациясининг 5 йиллигига бағишланган глобал конференция давомида тақдим этилган эди.