Озарбайжон Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилотига қўшилади
BAKU. Kazinform - Озарбайжон Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилотига аъзо бўлиш учун давлат ичидаги тартиб-қоидаларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Озарбайжондаги элчиси Алим Байел ва Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазири Межнун Маммадов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди, дея хабар беради Кazinform агентлиги мухбири.

Учрашувда икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, томонлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини ошириш, жумладан, икки давлат эҳтиёжлари тўғрисида ахборот алмашиш йўли билан кўпайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шу нуқтаи назардан, суҳбатдошлар қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма ишчи гуруҳ тузилганини олқишладилар.

Алим Байел Қозоғистонда аграр-саноат комплексига сармоя киритиш имкониятлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги устувор лойиҳалар ҳақида гапирди.
- Қозоғистон томони Озарбайжоннинг Қорабоғ иқтисодий районида қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этишдан манфаатдор, - деди дипломат.
Ўз навбатида Межнун Маммадов Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги яқин қардошлик муносабатлари барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш имконини бераётганини алоҳида таъкидлади. У Озарбайжон Қозоғистон билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
- Ҳозирда Озарбайжон томони Қозоғистон ташаббуси билан ташкил этилган Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилотига Озарбайжоннинг аъзо бўлиши бўйича ички тартиб-қоидаларни амалга оширмоқда, - дея вазир Озарбайжон Республикаси тез орада ташкилотга аъзо бўлишини таъкидлади.

Томонлар, шунингдек, Элчихона ҳудудида қишлоқ хўжалиги-саноат мажмуаси ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, икки мамлакат давлат органлари ва ишбилармон доираларининг манфаатдор вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказишга келишиб олдилар.