Озарбайжон CОP29 арафасида санитария-эпидемиология назоратини кучайтирди
ASTANA. Кazinform - Озарбайжонда бир қатор давлат органлари вакиллари CОP29 халқаро конференцияси доирасида маймун чечагининг олдини олиш бўйича йиғилиш ўтказди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, йиғилишда Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги, Давлат чегара хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мажбурий тиббий суғурта давлат агентлиги, Тиббиёт ҳудудий бўлинмаларини бошқариш уюшмаси (TƏBIB),, “Озарбайжон ҳаво йўллари” АЖ ва Боку халқаро денгиз савдо порти вакиллари иштирок этди.
Томонлар мамлакатда ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенция (CОP29) конференциясининг 29-сессияси муносабати билан тегишли тузилмаларнинг биргаликдаги фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар режасини атрофлича муҳокама қилдилар.
Йиғилиш иштирокчилари маймун чечаги вируси кўплаб мамлакатларда тез тарқалаётганини ҳисобга олиб, республика ҳудудида профилактика чораларини кўриш зарурлигини таъкидладилар. Сўзга чиққанлар ўзаро фикр алмашдилар, таклифлар тингланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Озарбайжонда шу пайтгача маймун чечаги билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаганини маълум қилди.
– Мамлакатимиз ҳудудида, айниқса, чегарадан ўтказиш пунктларида хавфли вирус юқтириш ҳолатлари юзасидан эпидемиологик назорат кучайтирилди. Вазирлик доимий равишда вазиятни назорат қилади, - дейилади вазирлик хабарида.
1 сентябрь куни Кения Соғлиқни сақлаш вазирлиги маймун чечагининг тўртинчи ҳолатини тасдиқлади. Конго Демократик Республикаси Африка ва дунёнинг бир қанча мамлакатларига тарқалган касалликнинг ўчоғи бўлиб қолмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аввалроқ касаллик тарқалиши сабабли соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.