Озарбайжон БРИКСга қўшилиш ниятида
ASTANA. Kazinform - Озарбайжон БРИКСга тўлақонли аъзо бўлмоқчи. Бу ҳақда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Х БРИКС Парламент форуми ялпи мажлисида Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламенти) раиси Соҳиба Ғафарова маълум қилди.

“Озарбайжон ташқи сиёсатида ҳамкорлик асосий устувор йўналиш ҳисобланади. Бу, айниқса, икки томонлама муносабатлар ва халқаро платформалардаги фаолиятга тааллуқлидир. У БРИКС билан ҳамкорликни ҳам ўз ичига олади. Озарбайжон БРИКСга қўшилиш ниятида”, - деди Соҳиба Ғафарова.
Унинг сўзларига кўра, парламентлар даражасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши ушбу мақсадга эришишга хизмат қилмоқда.
Ғафарова икки томонлама стандартларга йўл қўймаслик учун халқаро парламент платформалари доирасида ҳақиқий мулоқотни йўлга қўйишни қўллаб-қувватлади.
“Парламентлар ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратиши керак. Биз, масалан, Европарламентдаги каби икки томонлама стандартлар платформасига айланмаслиги учун ҳақиқий мулоқотни ривожлантиришимиз керак”, - деди у.
Парламент спикери БРИКС Парламент форуми ҳамкорликнинг самарали платформасига айланишига ишонишини айтди.
БРИКС - беш давлатдан иборат ҳукуматлараро бирлашмадир. Бу гуруҳга Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка киради. БРИКС аъзолари бир неча бор энг тез ривожланаётган йирик давлатлар сифатида таърифланган. Аҳолиси, майдони ва ялпи ички маҳсулоти бўйича Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия дунёдаги энг йирик 10 та давлат қаторига киради.