Озарбайжон, Арманистон ва Ўзбекистон ECOSOC аъзолигига сайланди
ASTANA. Kazinform - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашга (ECOSOC) сайловлар бўлиб ўтди. Шарқий Европадан иккита ўрин учун учта давлат – Арманистон, Озарбайжон ва Босния ва Герцеговина баҳслашди. Овоз бериш натижасида Арманистон ва Озарбайжон ECOSOCга аъзо бўлди. Бу давлатларнинг ҳар бири 148 тадан овоз олган. Бу ҳақда Kazinform агентлиги БМТ янгиликларига таяниб хабар беради.

Ўзбекистон 185 овоз олди ва 2025 йил 1 январдан бошлаб Осиё-Тинч океани гуруҳидан бўшатилган тўртта ўриндан бирини эгаллайди. Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта ушбу органга сайланди.
Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва БМТ тизимидаги ташкилотларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган асосий органдир. ECOSOC БМТ тизимининг барқарор ривожланишнинг барча уч йўналиши – иқтисодий, ижтимоий ва экологик соҳаларни рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларида марказий ўрин тутади.
Кенгаш 54 аъзодан иборат бўлиб, улар уч йил муддатга ишлайди. Кенгашда қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Ҳар бир аъзо битта овозга эга.
Ҳар йили Кенгаш ўз ишини ташкил этиш учун бир неча қисқа сессиялар ўтказади, уларда кўпинча фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этадилар. Бундан ташқари, Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш июль ойида Женева ва Нью-Йоркда навбатма-навбат тўрт ҳафталик муҳим сессияни ўтказади.