Осиё университетларининг янгиланган рейтинги очиқланди
QS World University Rankings халқаро рейтинг ташкилоти Осиё университетларининг 2025 йил учун (QS Asia University Rankings - 2025) рейтинг натижаларини эълон қилди, деб ёзади ЎзА.
Унда мамлакатда фаолият юритаётган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Миллий университети юқори натижа кўрсатиб, минтақадаги етакчи таълим даргоҳларидан бирига айланди.
2025 йил учун Осиё университетлари рейтинги натижаларига кўра, ЎзМУ Осиё минтақасида 242-ўринни (ўтган йили #301-350), Марказий Осиё олий таълим муассасалари орасида эса 12-ўринни эгаллади.
Хорижий профессор-ўқитувчилар сони бўйича Ўзбекистон Миллий университети 49-ўринни эгаллаб, рейтингнинг энг яхши 50 талигига кирган мамлакатдаги ягона университет бўлди.
Маълумот ўрнида, Осиёнинг 984 та илғор университетлари эътироф этилган ушбу рейтингда Ўзбекистондаги 23 та олий таълим муассасаси қайд этилиб, таълим тизимимизда ислоҳотлар самарали кечаётганини кўрсатмоқда.
Янги рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон ўз позициясини сезиларли даражада яхшилаган Осиё давлатларидан бирига айланди. Бу эса Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасини кўрсатиб, мамлакатнинг халқаро миқёсдаги мавқеини юксалтирмоқда.
Миллий университетнинг дунё университетлари рейтингидаги ўсиши Ўзбекистон таълим тизими халқаро талаб ва стандартларга мослашиб, рақобатбардошлиги ошаётганидан далолат, дейиш мумкин.