Осиё чемпионати: Қозоғистоннинг боксчи қизлари бир кунда 5 та олтин медални қўлга киритди
Бугун Астана шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қозоғистонлик қизлар бешта олтин медални қўлга киритди, деб хабар беради Kazinform.

Ёшлар ўртасида финалга қадар етиб борган беш қозоғистонлик боксчининг барчаси ғолиб бўлди.
Дастлаб 50 кггача бўлган вазн тоифасида ҳиндистонлик Аншу устидан Элянур Турғанова ғалаба қозонди.
Улжан Сарсенбек 57 кггача бўлган вазнда ўзбекистонлик Муштарийбону Иброҳимжоновага уч раунд бўйи зарба бериб, икки карра Осиё чемпиони унвонини қўлга киритди.
63 кг вазн тоифасида ҳиндистонлик Дипа билан кечган мураккаб баҳсда Асем Танатар 4:1 ҳисобида зафар қучди.
Бақит Сейдиш ўтган йили 66 кггача бўлган вазнда Осиёнинг энг яхшиси бўлган эди. Бу йил у худди шу муваффақиятни такрорлади ва охирги мусобақада ҳиндистонлик Кажалга ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Вазни 75 кггача бўлган боксчилар баҳсида Шуғила Налибай дастлабки икки раундда ўзбекистонлик Санобар Бозорбоевани уч марта нокдаунга учратиб, яққол устунлик билан ғалаба қозонди.
Шу тариқа, ўсмирларни қўшиб ҳисоблаганда 11 та олтинь медаль Қозоғистонга насиб этди.
Энди йигитлар мусобақани давом эттирадилар.
Муаллиф: Ғайсағали Сейтақ