Оппенгеймернинг набираси атом энергиясидан иқлим ўзгаришига қарши курашда фойдаланишни таклиф қилди

Оппенгеймер
Фото: Anadolu

ASTANA. Kazinform – Атом энергияси технологияларидан дунёни йўқ қилишда эмас, балки уни қутқариш учун фойдаланиш мумкин. Бу ҳақда Иккинчи жаҳон уруши даврида Японияга ташланган атом бомбасини яратишда муҳим роль ўйнаган Роберт Оппенгеймернинг набираси Чарльз Оппенгеймер Токиодаги матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади Anadolu.

Машҳур физикнинг набираси иқлим ўзгаришига қарши курашда ядро энергиясидан кенгроқ фойдаланиш кераклигини таъкидлади. Оппенгеймер бу даврда атом энергиясига эга давлатлар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш зарурлигини урғулади.

Унинг фикрича, агар улар мулоқотни кучайтирмаса, АҚШ, Хитой ва Россия ўртасидаги кескинлик дунёдаги энг катта хавфга айланиши мумкин.

“Биз ота-боболаримиздан, жумладан, бобомдан ҳам ўрганишимиз мумкинлигига ишонаман. Уларнинг маслаҳатларини тинглаш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Мен атом энергиясидан яхшилик учун фойдаланишимизга ишонаман”, – дейди Оппенгеймер.

Япониянинг жануби-шарқидаги Хиросимага ташрифи чоғида Оппенгеймернинг набираси Хиросима тинчлик ёдгорлик музейи директори Харада Хироши билан учрашди.

Маълумот учун, америкалик физик, "атом бомбаси ихтирочиси" Роберт Оппенгеймернинг набираси, 49 ёшли Чарлз Оппенгеймер АҚШда яшайди. У атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни қўллаб-қувватловчи “Оппенгеймер лойиҳаси” нодавлат ташкилотининг асосчиси ҳисобланади.

Сўнгги хабарлар