ОПEК жамғармаси Қозоғистонга грантлар ва техник кўмак беришга тайёр
ASTANА. Кazinform — Астана шаҳрида Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Алхалифа билан учрашди.
Музокаралар давомида томонлар ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини ва ОПEК жамғармаси кўмагида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Жамғарма президенти ташкилот ҳам техник кўмак, ҳам грантлар беришга тайёрлигини таъкидлаб, Марказий Осиё мамлакатларида амалга оширилаётган жорий лойиҳалар ҳақида гапирди.
Энергетика вазири, ўз навбатида, Қозоғистонда 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш бўйича миллий мақсадларга жавоб берадиган қайта тикланадиган энергия манбаларини қуриш лойиҳалари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, у инвестицияларни ҳимоя қилиш учун алоҳида шарт-шароитларни таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқаришни изоляция қилиш ва қидирув ишларида инвесторлар учун доимий фискал ва тартибга солиш имтиёзларини бериш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунларига кўра, томонлар “яшил” энергетика соҳасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганишни давом эттиришга, шунингдек, “тоза” кўмир технологиясини ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқишга келишиб олдилар.
ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси 1976 йилда ОПEКга аъзо давлатлар томонидан ташкил этилган. Жамғарма ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшадиган халқаро ривожланиш молия институти ҳисобланади.
Жамғармага 12 та давлат аъзо: Жазоир, Венесуэла, Габон, Индонезия, Эрон, Ироқ, Қувайт, Ливия, Нигерия, Саудия Арабистони, БАА ва Эквадор.