Олжас Бектенов жанубий ҳудудларда электр энергияси таъминоти ишончлилигини кучайтириш вазифасини топширди

ASTANA. Kazinform – Бугун Ҳукумат йиғилишида Бош вазир Олжас Бектенов Энергетика вазири Ерлан Ақкенженовга мамлакатнинг жанубий ҳудудларида электр энергияси таъминоти ишончлилигини кучайтириш вазифасини топширди.

Олжас Бектенов
Фото: пресс-служба Правительства РК

“14 августда юз берган ҳолат бўйича текширув нимани кўрсатди ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?” — деб сўради Ҳукумат раҳбари йиғилишда вазирдан.

Саволга жавоб берган Ерлан Ақкенженовнинг айтишича, мамлакат жанубий ҳудудларида электр энергияси тақчиллигини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, вазирлик янги генерация объектларини босқичма-босқич ишга туширишни давом эттиради.

“Жумладан, Алмати шаҳридаги ИЭС-2, ИЭС-3, шунингдек, Туркистон вилоятида қуввати 1000 МВт бўлган янги буғ-газ қурилмаси фойдаланишга топширилади. Шу билан бирга, жанубий ҳудудларда электр тармоқларининг ишончлилигини ошириш мақсадида қуввати 500 киловольт бўлган Чу — Жамбил — Чимкент электр узатиш тармоғи қурилиши давом этмоқда. Уни якунлаш муддати — 2027 йилнинг II чораги. Ҳозирги вақтда ишларнинг қарийб 50 фоизи бажарилган”, — деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ҳукумат раҳбарининг топшириғи билан давлат комиссияси тузилган. Давлат комиссияси бир неча кундан сўнг Бош вазирга қўшимча ташкилий чораларни таклиф қилади.

“Стратегик аҳамиятга эга йўналиш. Шунинг учун ишларни жадаллаштириш керак”, — дея топшириқ берди Олжас Бектенов вазирга.