Олжас Бектенов ва Михаил Мишустин савдо-иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилди
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустиннинг таклифига биноан амалий ташриф билан Москвага борди, деб хабар беради Каzinform ҚР Ҳукумати матбуот хизматига таяниб.

Музокаралар чоғида ҳукумат раҳбарлари жорий савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида имзоланган келишувларни амалга оширишнинг боришини муҳокама қилдилар.
Томонлар савдо ва сармоявий, саноат кооперацияси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фуқаро авиацияси, шунингдек, транзит ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни белгилаб олди. Бундан ташқари, маданий-маърифий соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Олжас Бектенов саноат кооперацияси ва савдо алоқаларини ривожлантиришнинг ижобий суръатларини қайд этди. Айни пайтда икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари томонидан умумий қиймати 26,5 миллиард долларлик 135 лойиҳа амалга оширилмоқда, шунингдек, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари, жумладан, машинасозлик, металлургия, кимё саноатида умумий қиймати 14 миллиард долларлик 67 қўшма лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида 11 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича самарали ривожланмоқда. Муҳим йўналиш – саноат кооперацияси. Бу аллақачон муваффақиятли икки томонлама ҳамкорликнинг ўзига хос белгисига айланди. Мамлакатларимиз ҳукуматлари мамлакатларимиз раҳбарлари эришган келишувларни амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширади”, – деди Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов.
Қозоғистон Республикаси Ҳукумати раҳбари Қозоғистон-Россия давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларини модернизация қилиш бўйича ишларни жадаллаштириш ва синхронлаштириш зарурлигини таъкидлади. Босқичли ишлар доирасида 2027 йил охиригача иш ҳажмини ҳисобга олган ҳолда белгиланган 30 та назорат-ўтказиш пунктидан 29 таси реконструкция қилинади. Ушбу чора-тадбирлар транзитни осонлаштиради ва умумий чегаранинг бутун узунлиги бўйлаб ўтиш қобилиятини оширади.
“Шимол-Жануб” халқаро йўлаги салоҳиятини кенгайтириш, Қозоғистон-Туркманистон-Эрон темир йўл участкасидан интенсив фойдаланган ҳолда транспорт артериясини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Қозоғистон томони, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга устувор аҳамият берган ҳолда, аграр соҳадаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича истиқболли йўналишларни билдирди.

Ўз навбатида, Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин давлат раҳбарлари даражасида эришилган барча қарор ва келишувларни амалга ошириш бўйича фаол иш олиб боришга тайёрлигини билдирди.
“Биз Қозоғистон билан муносабатларни ўзаро ҳурмат, ишонч ва стратегик шериклик тамойиллари асосида мустаҳкамлашга устувор аҳамият берамиз. Саноат, энергетика, тиббиёт, транспорт инфратузилмаси, рақамли технологиялар соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ишончим комилки, Россия ва Қозоғистон транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳиятга эга. Евроосиёдаги энг муҳим транзит йўналишлари мамлакатларимиз ҳудудлари орқали ўтади”, – деди Михаил Мишустин.
Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни, шунингдек, таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этдилар.
Музокаралар якуни бўйича ҳукумат раҳбарлари давлатлараро муносабатларнинг бутун спектри бўйича қўшма ишларнинг юқори суръатини сақлаб қолиш ниятида эканликларини тасдиқладилар.