Олжас Бектенов Марказий Осиё давлатлари ва халқаро молия ташкилотларини бирлашишга чақирди
ASTANA. Kazinform - ҚР Бош вазири Олжас Бектенов Қозоғистон раислигида Астана шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг (МОМИҲ) 23-чи вазирлар конференциясида иштирок этди.
Мақсад – Марказий Осиё минтақасининг яхлит ва барқарор ривожланишини шакллантиришда Дастурда иштирок этувчи мамлакатлар ва халқаро молия институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш.
МОМИҲ дастури - Осиё тараққиёт банкининг ташаббуси бўлиб, етакчи халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Конференцияда Осиё тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава, МОМИҲ институти директори Кабир Жўразода, Европа Комиссиясининг Яқин Шарқ, Осиё ва Тинч океани бўйича директори Петерис Устубс, Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа молия ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Жанубий Корея, Япония, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Грузия, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳукумат делегатсиялари иштирок этди.
Давлатлар ўртасидаги иқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш, инфратузилмани ривожлантириш, савдо, энергетика, сув ресурслари, карбонсизланиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Бош вазир Олжас Бектенов Дастурнинг Марказий Осиё минтақаси учун долзарблигини қайд этди. 20 йил давомида минтақага 51 миллиард долларга яқин сармоя киритилди, шундан 9 миллиард доллардан ортиғи Қозоғистондаги лойиҳаларга йўналтирилди.
Ўз навбатида, Осиё тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава МОМИҲ фаолиятининг устувор йўналишлари қаторида иқлим ўзгаришига қарши курашиш, эрта огоҳлантириш тизимларига эга барқарор инфратузилмани яратиш, шунингдек, рақамли трансформацияни ривожлантириш ва инновацияларни жорий этиш бўйича қатъий чоралар кўрилаётганини алоҳида таъкидлади.
Анжуман иштирокчилари инсон капиталини ривожлантириш, халқ турмуш даражасини оширишга қаратилган ташаббусларга эътибор қаратди.
Хулосага кўра, МОМИҲнинг иқлим ва барқарор ривожланиш лойиҳаларини тайёрлаш жамғармаси тўғрисида битим имзоланди.