Олимпиадада қирғиз, қозоқ ва ўзбек мухлисларнинг ҳамжиҳатлиги уч халқ дўстлигини янада мустаҳкамлади – Садир Жапаров
ASTANA. Kazinform - Парижда бўлиб ўтган ХХXIII ёзги Олимпия ўйинларидан қайтган Қирғизистон олимпия терма жамоаси аъзоларини шарафлашга бағишланган тантанали маросимда президент Садир Жапаров қирғиз, қозоқ ва ўзбек мухлисларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини таъкидлади, деб хабар беради Kazinform агентлиги Kabarга таяниб.

Унинг сўзларига кўра, Олимпия ўйинларида уч давлатнинг бирлиги бутун дунё томонидан тан олинган.
- Қўллаб-қувватлаш ҳақида гап кетганда, Париждаги Олимпиадада бир тарих, илдиз, тил ва маънавият билан бирлашган қирғиз, қозоқ ва ўзбек мухлисларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги бутун дунёда эътироф этилганини таъкидлаш лозим, — деди Қирғизистон президенти.
Садир Жапаров қирғиз, қозоқ ва ўзбек халқлари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик келгусида ҳам мустаҳкамланиб боришини тилади.
– Хорижда спортчиларимиз ўртасида илиқ туйғулар, ғалабалар қувончини баҳам кўрган, қучоқлашиб, қўллаб-қувватлашини билдирган лаҳзалар уч халқ ўртасидаги азалий дўстлик, оилавий ришталар, яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаганига қатъий ишонаман. Қирғиз, қозоқ ва ўзбек халқларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги, дўстлиги келажакда ҳам мустаҳкамланиб бораверсин, - дея қўшимча қилди у.