Офтоб иссиғида кўпроқ сув ичиб, сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш керак – шифокор

QYZYLORDA. Kazinform — Июль ойининг жазирама иссиғи барча учун оғир кечмоқда. Бу кунлар айниқса чақалоқлар ва болалар, кекса ёшдагилар, ҳомиладор аёллар, шунингдек юрак-қон томир касалликлари, нафас олиш тизими хасталиклари ва қандли диабет билан оғриган беморлар учун жуда хавфли.

аптап ыстық
Фото: Нұрболат Нұржаубай

Шифокорлар шу боис уларга офтоб иссиғи пайтларда кўчага чиқмасликни тавсия этади. Улар соат 11:00 дан 17:00 гача имкони борича сояда ёки салқин жойда бўлишни маслаҳат беради.

“Ҳаво ҳароратининг ҳаддан ташқари кўтарилиши организмнинг иссиқлик алмашинуви тизимига катта юклама беради. Бунинг натижасида одам тез чарчайди, ҳолсизлик, бош айланиши ва бош оғриғи кузатилади, юрак уриши тезлашиши мумкин. Айрим ҳолларда қуёш уриши туфайли одам ҳушидан кетиши ҳам мумкин. Шунинг учун иссиқ кунларда саломатликка алоҳида эътибор бериш лозим. Кун давомида етарли миқдорда тоза сув ичиш, енгил ва оч рангли кийим кийиш тавсия этилади. Бош кийимни унутмаслик керак. Ёғли ва ҳазм қилиниши оғир таомларни камайтириб, сабзавот ҳамда меваларни кўпроқ истеъмол қилишга чақираман”, – деди Қизилўрда шаҳридаги 3-сонли поликлиника шифокори Нилуфар Ҳасанова.

Нилуфар Хасанованың жеке архивінен
Фото: Нилуфар Хасанованың жеке архивінен

 

Мутахассис қуёш уришининг асосий белгилари ҳақида ҳам маълумот берди.

“Қуёш урганда одамнинг тана ҳарорати кўтарилади, боши қаттиқ оғрийди. Кўнгли айниб, қусиши, ҳолсизланиши ва боши айланиши мумкин. Айрим ҳолларда ҳушидан кетади. Бундай вазиятда беморни дарҳол сояга ёки салқин жойга олиб ўтиш,  кийимларини енгиллатиш, сув бериш ва танасини совутиш керак. Агар аҳволи яхшиланмаса, албатта тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур”, – деди у.

Шифокорнинг таъкидлашича, сурункали касалликларга чалинганлар шифокор белгилаган даволаш тартибига қатъий амал қилиши, қон босими ва умумий аҳволини мунтазам назорат қилиб бориши лозим. Зарур ҳолларда даволовчи шифокор маслаҳатига мурожаат қилиш тавсия этилади. Шунингдек, офтоб иссиғи пасайгунча организмга ортиқча куч туширадиган оғир ишлардан тийилиш керак.

“Хавфнинг олдини олиш ҳар кимнинг ўз қўлида. Ҳар бир инсон саломатлигига масъулият билан ёндашиб, оддий эҳтиёт чораларига амал қилса, ёз фаслини хавфсиз ва қулай ўтказиши мумкин. Нафақат ўзингизга, балки яқинларингизга, айниқса болалар ва қарияларга ҳам эътиборли бўлинг”, – деди Нилуфар Ҳасанова.